Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев Гулистон шаҳридаги 15-референдум участкасида “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида” ги қонунида белгиланган талаблар асосида овоз берди. Барча референдум участкаларида бўлгани каби 15-референдум участкасида ҳам референдумга тайёргарлик ишлари қатъий ва белгиланган режа асосида олиб борилди.
Эрталаб соат 8:00. Референдум участкасида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради. Комиссия аъзолари ўзларининг вазифаларига киришди. 15-референдум участкасида овоз бериш жараёнлари аҳолининг фаол иштироки билан бошланди. Участкада рўйхатга олинган овоз берувчилар бирин-кетин ҳамжиҳатлик билан овоз бермоқда.
– 15-референдум участкасида Сайқал ва Намуна маҳалла фуқаролар йиғинининг Боғишамол кўчасидан 1778 нафар овоз берувчилар рўйхатга олинган, – дейди участка комиссияси раиси Зафар Тўйчиев. – Ҳудудимиздаги 38 киши муддатидан олдин овоз берди. Айни пайтда халқимиз фаоллик билан ўзининг келажаги учун овоз бермоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказувчи 8-Сирдарё округи бўйича овоз берувчиларнинг умумий сони 484 минг 816 нафарни ташкил қилади. Шундан 14 минг 184 нафар фуқаролар муддатидан олдин овоз берган.
Шуҳрат Суяров, ЎзА