Ховос туманида туғилган, 63 ёшли бемор, Ҳ. Ж.нинг кўкрак қисмида юзага келган оғриқ сабаб икки ойдан кўпроқ вақт ичида турли тиббиёт муассасаларига мурожаат қилди. Аммо, бирон бир наф чиқмади. Шундан сўнг, у Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё филиалига мурожаат қилди.
Филиал раҳбари, тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали жарроҳ Эркин Алиқулов унинг ҳолатини ўрганиб касалликка аниқ ташхис қўйди. Унда кўкрак умуртқа сили касаллиги аниқланди. Буни фақатгина жарроҳлик амалиёти орқали бартараф этиш мумкин. Беморни омади бор экан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Сирдарёда бошланган саломатлик акцияси доирасидаги тадбирлар давомида беморнинг муаммосига ечим топилди.
Сирдарё вилоятида илгари бу турдаги жарроҳлик амалиёти ўтказилмаган. Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт тиббиёт маркази мутахассиси Абулқосим Пирназаров ҳамда сирдарёлик мутахассислар томонидан илк маротаба мазкур юқори технологик жарроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилди.
– Айни вақтда бемор саломатлиги яхши бўлиб, тиббиёт ходимларимиз назоратида, – дейди марказнинг Сирдарё филиали раҳбари, тиббиёт фанлари номзоди Эркин Алиқулов. – Қувонарли томони Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ўтказилаётган саломатлик акцияси аҳоли саломатлиги билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ш.Суяров, ЎзА.