Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарёда маънавият фестивали
20:35 / 2023-08-25

Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун” шиори остида бошланган маънавият фестивали Гулистон шаҳридаги “Билимдонлар маскани” да старт олди.

Тошкентдан ташриф буюрган бир гуруҳ олимлар, шоирлар, санъаткорлар, маънавиятчилар, тарғиботчилар Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари Беҳзод Исматов бошчилигидаги сирдарёлик зиёлилар гуруҳи томонидан нон-туз ва анвойи гулдасталар билан кутиб олинди.  

Меҳмонлар Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйди. Сўнгра фестиваль қатнашчилари гуруҳларга бўлиниб, вилоятнинг Ширин шаҳри, Боёвут, Мирзаобод, Оқолтин туманларига йўл олди. Тадбирларда маданий-маърифий Ватанимиз тарихи, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик мавзуларида сўз борди.  

Ватан мадҳи, миллий қўшиқлар ва мақом, бахшилар чиқишлари, маданият ва санъат ҳақидаги суҳбатлар, мулоҳазалар, айниқса, “Янги Ўзбекистон” китоби ва 12 та плакатлар тақдимоти қатнашчиларда катта таассурот қолдирди.  

–Мустақилликнинг 32 йиллиги арафасида “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун” шиори остида ўтаётган маънавият фестивалида иштирок этаётганимдан жуда ҳам мамнунман, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Замира Суюнова. – Сирдарёлик юртдошларим билан фестиваль туфайли яқиндан суҳбат қурдим. Айниқса, опа-сингилларимизни биз санъаткорларга бўлган эҳтиромини самимий руҳда бўлиб ўтган суҳбатларимиз давомида қалбан ҳис этдим. 30-40 йил аввал куйлаган қўшиқларим ҳақида сўзлашганда бошим кўкка етди. Мен Сирдарё халқидан бугун катта куч олиб, илҳомландим.  

Тадбирлар ҳудудларда, маҳаллаларда оқшомга қадар давом этди. Вилоятда маънавият фестивали кўтаринки руҳда давом этмоқда.  

Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири