Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллиги муносабати билан бугун Гулистон шаҳридаги Мусиқали драма театрида вилоят миқёсидаги тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда Асосий Қонуннинг мамлакат тараққиёти, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдаги ўрни ва аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.

Маросимда Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этиб, йиғилганларни байрам билан самимий муборакбод этди. Ўз нутқида у Конституциянинг жамият ҳаётининг барча соҳаларини ривожлантиришда ишончли ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилаётгани, қонун устуворлиги ва демократик тамойилларни қарор топтиришда унинг роли беқиёс эканини таъкидлади.
Шунингдек, ҳоким фуқароларнинг фаол жамият қурилишидаги иштироки, бирдамлиги ва ташаббускорлиги мамлакат равнақида муҳим омил сифатида намоён бўлаётганини қайд этди.

Тадбир аввалида Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган демократия, инсон ҳуқуқлари, қонунийлик ва фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган нормаларнинг амалиётдаги аҳамияти юзасидан маълумотлар берилди.
Асосий Қонуннинг кейинги йилларда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаб келаётгани алоҳида таъкидланди.

Байрам дастури санъаткорлар ижросидаги ватанпарварлик қўшиқлари, театрлаштирилган саҳна кўринишлари ва бадиий чиқишлар билан давом этди.
Ғулом Примов, ЎзА