Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарёда Касаба уюшмалари ходимлари куни тантанали нишонланди
16:31 / 2025-11-10

Гулистон шаҳридаги “Зомин” тантаналар уйида Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллиги ҳамда Касаба уюшмалари куни муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди.

Байрамда Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов, Ўзбекистон авиация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Алишер Муллабеков, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилояти Кенгаши раиси Рустамбек Турсунмуродов, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, йирик иш берувчилар, касаба уюшмалари фаоллари, фахрийлар ва ёшлар иштирок этишди.

Вилоят раҳбари Эркинжон Турдимов сўзга чиқиб, жамиятда меҳнаткашлар манфаатларини ҳимоя қилиш, ишчи ва ходимлар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитлари яратишда касаба уюшмаларининг ўрни беқиёс эканини таъкидлади.

Касаба уюшмалари Федерациясининг Сирдарё вилояти Кенгаши меҳнаткашларнинг ижтимоий ҳимояси ва инсон манфаатларини таъминлашда кенг кўламли ишлар амалга ошириб келмоқда. Ҳозирги кунда вилоятда 1 392 та бошланғич ташкилот орқали 198 591 нафардан зиёд аъзолар бирлашган.

Энг муҳим лойиҳалардан бири — “Янгиер” санаторийсининг 7,85 миллиард сўм маблағ эвазига қайта таъмирланиши бўлди. Шунингдек, Зомин ва Сирдарё туманидаги болалар оромгоҳлари модернизация қилинди: жами 9 293 нафар бола стационар, 11 182 нафар бола эса кундузги оромгоҳларда соғломлаштирилди.

Вилоятда 621 та меҳнат ярмаркаси ташкил қилинди ва улар орқали 9 006 нафар ишсиз фуқаро ишга жойлаштирилди. Меҳнат муносабатлари юзасидан 27 та даъво аризаси судларга тақдим этилиб, 495 нафар ишчи-ходимнинг 3,18 миллиард сўмлик иш ҳақи ундирилди.

Меҳнат муҳофазаси ва ҳуқуқий назорат соҳасида ҳам сезиларли натижалар қайд этилди. 2020–2025 йилларда 174 та корхонада жамоатчилик назорати ўтказилиб, 495 та қонунбузарлик ҳолати аниқланди ва уларнинг 91 фоизи бартараф этилди. Меҳнат муҳофазаси бўйича сайланган 1 872 нафар вакил 30 985 та камчиликни аниқлади, шундан 25 926 таси ҳал қилинди. Иш пайтида жароҳат олган ва боқувчисини йўқотган 147 нафар фуқарога ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди ва суд орқали 1,46 миллиард сўмлик зарар ундирилди.

Маънавий-маърифий фаолиятда ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. 2020–2025 йилларда 587 та маънавий-маърифий тадбир, 256 та театр, 227 та музей ва 500 га яқин маданий объектларга ташрифлар уюштирилди. Шунингдек, 8 680 нафар ишчи-ходим учун маҳаллий, 17 755 нафар учун эса тарихий шаҳарларга саёҳатлар ташкил қилинди.

Тадбир давомида бир гуруҳ касаба фаоллари Сирдарё вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланишди. Шунингдек, касаба уюшмалари фаолиятига ёрдам бериб келаётган раҳбарлар, йирик иш берувчи ва фаол ходимлар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари ҳамда «Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги» эсдалик нишони билан тақдирланишди.

Байрамда иштирок этган ёшлар ҳам ўз миннатдорлик ва қувончларини изҳор этишди.

– Мен учун бу байрам ўзгача бўлди, –  дейди Гулистон давлат педагогика институти педагогика факультети III-босқич талабаси Моҳинур Холтўраева. –  Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш танловининг ғолиби сифатида вилоят Кенгаши раиси Рустамбек Турсунмуродовдан касаба уюшмалари стипендианти сертификатини қабул қилдим. Ёшларига ғамхўр, инсон қадри улуғ бўлган юрт фарзанди эканлигимдан чексиз фахрланаман.

Мирзаобод туман политехникуми кутубхоначиси Роҳатой Холжигитова ҳам байрамдан катта таассурот олди. У Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги санаторийда бепул соғломлаштириш йўлланмасини олгач, ҳаяжонини яширмади.

Байрамда  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Собиржон Мўминов ва Асадулла Холиқов,  шунингдек, касаба уюшмалари вилоят Кенгаши ташаббуси билан ўтказилган мақом кўрик-танлови ғолиблари  ўзларининг энг яхши қўшиқларидан ижро этишиб, йиғилганларга қувонч бағишлашди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири