Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилояти кенгашининг IX конференцияси бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов, Федерация раиси ўринбосари Бахтиёр Ҳасанов, Олий Мажлис Сенати аъзоси Покиза Ахмеджанова, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, фаоллар, касаба фахрийлари ҳамда 100 нафар делегатдан 98 нафари иштирок этди.
Анжуманда Эркинжон Турдимов касаба уюшмаларининг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратиб, уларнинг халқ ва давлат ўртасидаги мустаҳкам кўприк сифатидаги ўрнини таъкидлади.
– Бугунги кунда касаба уюшмалари нафақат меҳнаткашлар манфаатларини ҳимоя қилмоқда, балки уларнинг турмуш даражасини ошириш, соғломлаштириш ва бандлигини таъминлашга ҳам фаол ҳисса қўшмоқда, – деди вилоят раҳбари.
Ҳисобот ва амалий ишлар таҳлилига бағишланган конференцияда 2020–2025 йилларда вилоят кенгаши томонидан амалга оширилган ишлар бўйича ҳисобот тингланди. Кенгаш раиси Рустамбек Турсунмуродов ушбу даврда 1 392 та бошланғич ташкилот орқали 198 591 нафар аъзо қамраб олинганини маълум қилди.

Ушбу йиллар мобайнида “Янгиер” санаторийси 7,85 миллиард сўм маблағ эвазига қайта таъмирланди, Зомин ва Сирдарё туманидаги болалар оромгоҳлари модернизация қилинди. Жами 9 293 нафар бола стационар, 11 182 нафар бола эса кундузги оромгоҳларда соғломлаштирилди. Касаба уюшмалари томонидан вилоятда 621 та меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Уларда 9 006 нафар ишсиз фуқаро ишга жойлаштирилди. Шунингдек, меҳнат муносабатлари юзасидан 27 та даъво аризаси судларга тақдим этилиб, 495 нафар ишчи-ходимнинг 3,18 миллиард сўмлик иш ҳақи ундириб берилди.

Меҳнат муҳофазаси ва ҳуқуқий назорат соҳасида 2020–2025 йилларда 174 та корхонада жамоатчилик назорати ўтказилиб, 495 та қонунбузарлик ҳолати аниқланди ва уларнинг 91 фоизи бартараф этилди. Меҳнат муҳофазаси бўйича сайланган 1 872 нафар вакил 30 985 та камчиликни аниқлаган. Улардан 25 926 таси ҳал этилган. Иш пайтида жароҳат олган ва боқувчисини йўқотган 147 нафар фуқарога ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Судлар орқали 1,46 миллиард сўмлик зарар ундирилишига эришилди.

Маънавий-маърифий фаолият ва саёҳатлар ташкил этиш борасида ҳам ижобий натижалар қайд этилди. Жумладан, 2020–2025 йилларда 587 та маънавий-маърифий тадбир, 256 та театр, 227 та музей ҳамда 500 га яқин маданий объектларга ташрифлар уюштирилди. Шунингдек, 8 680 нафар ишчи-ходим учун маҳаллий, 17 755 нафар учун эса тарихий шаҳарларга саёҳатлар ташкил этилди.
Конференцияда тафтиш комиссияси фаолияти ҳақида ҳам ахборот берилди. Шундан сўнг, келгуси беш йиллик фаолият учун устувор вазифалар белгилаб олинди.
Анжуманда вилоят кенгаши раиси лавозимига икки номзод кўрсатилди. Муқобиллик ва яширин овоз бериш асосида ўтказилган сайловда 98 нафар делегатдан 93 нафари Рустамбек Турсунмуродов номзодини қўллаб-қувватлаб, уни яна беш йиллик муддатга раис этиб сайлади. Шунингдек, овоз бериш натижаларига кўра, Ойбек Ашурматов ва Баҳодир Ҳамиджонов вилоят кенгаши раиси ўринбосарлари лавозимига сайланди.
Анжуман якунида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қурултойида иштирок этувчи делегатлар ҳам сайланди.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири