Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарёда иссиқлик тизими янгиланмоқда
15:25 / 2026-01-26

Сирдарё вилоятида сўнгги йилларда иссиқлик таъминоти тизимини тубдан янгилаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Айниқса, кўп қаватли уй-жойларда қиш мавсумида кузатиладиган совуқ хонадонлар, иссиқлик йўқотишлари ва ҳисоб-китобдаги адолатсизликлар йиллар давомида аҳолининг энг асосий эътирози бўлиб келгани сир эмас. Бу муаммолар, хусусан, Гулистон шаҳрининг Бўстон маҳалласи мисолида яққол намоён бўлар эди.

Мазкур ҳудудларда жойлашган 4–5 қаватли уйларнинг аксарияти 1970–1985-йилларда барпо этилган бўлиб, улардаги ички иссиқлик тармоқлари — тик ва ётиқ қувурлар 40–50-йил давомида деярли янгиланмаган. Ўша даврда шаҳарни иссиқлик билан таъминлаб келган корхоналар эски ускуналар, юқори ёқилғи сарфи ва тармоқларнинг жисмоний эскириши сабаб фаолиятини тўхтатган. Натижада аҳоли йиллар мобайнида қиш мавсумини индивидуал иситиш воситалари орқали, кўпинча хавфсизлик ва иқтисодий самарадорлик талабларига жавоб бермайдиган шароитда ўтказишга мажбур бўлиб келди.

Муаммони тизимли ҳал этиш йўлида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 декабрдаги «Кўп хонадонли уй-жой фондларини иссиқлик таъминоти тизимини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда «2023–2025 йилларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари муҳим ҳуқуқий ва амалий асос бўлди. Айнан шу ҳужжатлар доирасида Сирдарё вилоятида марказлашган иссиқлик таъминотини тиклаш ва модернизация қилиш ишлари жадал суръатларда бошланди.

Гулистон шаҳрининг Бўстон маҳалласида амалга оширилган ишлар бу ислоҳотларнинг ёрқин мисолидир. Хусусан, маҳалла ҳудудида жойлашган 32 та кўп қаватли уй, 1 609 та хонадон ҳамда 3 та ижтимоий соҳа объектини иссиқлик билан таъминлаш мақсадида РК–1 янги қозонхонаси қурилиб, 1,4 километр замонавий иссиқлик тармоқлари тортилди. Шунингдек, маҳалладаги яна 20 та кўп қаватли уйда жойлашган 800 га яқин хонадонни барқарор иссиқлик билан таъминлаш учун РК–2 қозонхонаси барпо этилди.

Натижада Бўстон ва унга туташ маҳаллаларида жойлашган қарийб 52 та кўп қаватли уйда истиқомат қилаётган аҳоли доимий ва барқарор иссиқлик энергияси билан таъминланди. Илгари ҳар қиш фаслида иситиш муаммоси кун тартибидан тушмай келган ҳудудда бугун бутунлай бошқа манзара кузатилмоқда.

Эрон технологиялари асосида энергия тежамкор ускуналар билан жиҳозланган РК–1 қозонхонаси қурилиши учун 22 миллиард 416 миллион сўм, РК–2 қозонхонаси учун эса 17 миллиард 24 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Қурилиш ишлари «Осиё Имкон Сервис» ва «Гулистон Мадад Қурилиш» масъулияти чекланган жамиятлари томонидан амалга оширилди.

Муҳими, ушбу лойиҳалар ҳисобига йилига 3,5 миллион куб метр табиий газ ҳамда 12,8 миллион киловатт-соат электр энергияси тежалиши таъминланмоқда. Солиштирма таҳлил шуни кўрсатадики, аввалги индивидуал иситиш тизимларига нисбатан ёқилғи сарфи сезиларли даражада камайган, атроф-муҳитга чиқарилаётган зарарли чиқиндилар ҳажми эса бир неча баробар қисқарган.

– Илгари уйларимизнинг эскилиги сабаб ёмғир ёқса, томдан сув оқар, қишда эса иситиш деярли ишламасди. Ҳозир эса томларимиз янгиланди, фасадлар базальт материаллар билан қопланди. Уйлар нафақат чиройли кўринишга келди, балки қишда совуқдан, ёзда иссиқдан ҳимоя қиладиган мустаҳкам биноларга айланди. Энг муҳими, доимий иссиқ сув ва барқарор иссиқлик бор, – дейди «Истиқлол коммунал хизмат таъмир» бошқарув-сервис компанияси раиси Замира Зулфиқорова.

Мутахассислар таъкидлашича, иссиқлик таъминоти тизимидаги энг оғриқли масалалардан бири кўп қаватли уйларнинг ички иссиқлик тармоқлари эскиргани эди. Шу боис 2025–2027 йилларга мўлжалланган дастур доирасида индивидуал иссиқлик пунктлари (ИИП)ни ўрнатиш, уйларнинг ички тик ва ётиқ қувурларини тўлиқ реконструкция қилиш ишлари ҳам бошланди.

Жумладан, Гулистон шаҳрининг Истиқлол маҳалласидаги 20 та кўп қаватли уйнинг ертўлаларини ҳам иссиқлик билан таъминлаш мақсадида РК-3 иссиқлик қозонхоналари қуриб битказилди ва тармоқлар тортилди. Қолаверса, кўп қаватли уйларни ертўла  қисмларига замонавий ИИП лар ўрнатилиб, синовдан ўтказилди. Бу эса иссиқликни аниқ ҳисобга олиш, истеъмолчи ва таъминотчи ўртасидаги муносабатларда шаффофликни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 4 декабрь куни Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида Гулистон шаҳридаги Бўстон маҳалласида ҳам бўлиб, ҳудудда амалга оширилаётган кенг кўламли модернизация ишлари билан яқиндан танишди. Давлат раҳбари 48 та кўп қаватли уйни қамраб олган инфратузилмавий лойиҳалар, янги қозонхона ва иссиқлик тармоқлари қурилиши, муҳандислик коммуникацияларини янгилаш ишлари бўйича мутасаддиларга аниқ ва манзилли топшириқлар берди.

– Асосийси, мазкур топшириқлар ижроси доирасида Сирдарё вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси, маҳаллалар уюшмаси, тегишли ҳокимликлар ҳамда соҳа мутасаддилари томонидан ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш ва тадбиркорлик фаолияти учун қулай инвестиция муҳитини яратишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Сирдарё вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Асомиддин Аннақулов.

Аҳамиятлиси, Президент қарорлари асосида бугунги кунда Сирдарё вилоятида 215 та кўп қаватли уйни қамраб олган манзилли дастур шакллантирилган. Ушбу дастур доирасида уй-жойларнинг том ва фасад қисмларини таъмирлаш, иссиқлик таъминотини яхшилаш, муҳандислик коммуникация тармоқларини тўлиқ янгилаш ҳамда маҳаллалар ҳудудини ободонлаштириш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Қисқаси, Сирдарё вилоятида иссиқлик таъминоти тизимини янгилаш бўйича олиб борилаётган ишлар аҳолининг кундалик ҳаётида сезиларли ижобий ўзгаришларга сабаб бўлмоқда. Умуман олганда, ҳудудда амалга оширилаётган бундай кенг кўламли ислоҳотлар нафақат уй-жой фондини яхшилаш, балки фуқароларнинг турмушини енгиллаштириш, улар учун қулай, хавфсиз ва муносиб яшаш муҳитини яратишга хизмат қилмоқда.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири