Сирдарёда икки қиз, бир ўғил туғилди
Наврўз байрами шукуҳи кезиб юрган айни кунларда Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё филиалида уч эгизак дунёга келди. Эгизакларнинг каттасининг вазни 1,930 кг, ўртанчасининг вазни 2,400 кг, кичиги, яъни ўғил чақалоқнинг вазни 2,100 кг.
Табиий туғруқ жараёнида дунёга келган эгизакларнинг умумий аҳволи қониқарли.

– Қувончимнинг чеки йўқ, – дейди Жиззах вилояти Фориш туманининг Учма қишлоғидан Сирдарёга келган Анорхол Исроилова. – Бу ҳам Яратганнинг улуғ инояти. Менга, қолаверса, фарзандларимнинг туғилишига ёрдам берган марказ филиали раҳбари, акушер-гинеколог Ҳанифа Содиқова, филиал раҳбарининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Матлуба Мирзақулова, неонтолог Раъно Азизова, доя Гулнора Собирова ва бошқа ходимларга ўз ташаккуримни билдираман.
Анорхол ва унинг турмуш ўртоғи тўрт қиздан сўнг ўғил фарзанд кутишганди. Бу ният ҳам амалга ошди.
Ш.Суяров, ЎзА мухбири