Гулистон шаҳридаги Сирдарё вилояти мусиқали драма театрида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда вилоятнинг барча ҳудудларидан турли соҳаларда самарали меҳнат қилиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаол иштирок этаётган, оила мустаҳкамлиги ва фаровонлигига муносиб ҳисса қўшаётган, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, маҳаллаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ҳамда миллий қадриятларни тарғиб этиш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган хотин-қизлар иштирок этди.

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов йиғилганларни байрам билан самимий табриклади. Таъкидланганидек, юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Аёл — ҳаёт ва миллат давомчиси, меҳр-оқибат ва эзгулик тимсоли сифатида юртимиз тараққиётида муносиб ўрин тутаётгани алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, вилоятда турли соҳаларда самарали меҳнат қилиб, фидойилиги ва ташаббускорлиги билан жамоатчилик орасида ҳурмат қозонаётган аёллар кўп экани таъкидланди. Айниқса, юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган сирдарёлик аёллар, жумладан, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибалари бўлган ижодкор қизлар алоҳида эътироф этилди.

Тантанада Шавкат Мирзиёев Фармонига кўра II даражали «Саломатлик» ордени билан тақдирланган Гулистон шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси педиатри Элвира Мансурская ҳамда «Шуҳрат» медалига сазовор бўлган Боёвут туманидаги “Боёвут агропилла” масъулияти чекланган жамияти пиллачиси Зулайхо Бўтаевага юксак мукофотлар тантанали равишда топширилди.
Мукофот соҳибаси Элвира Мансурская ўз навбатида кўрсатилаётган юксак эътибор ва эътироф учун миннатдорлик билдириб, шундай деди:
– Бу мукофотни нафақат ўз меҳнатим, балки соғлиқни сақлаш тизимида фидокорона меҳнат қилаётган барча ҳамкасбларимнинг меҳнатига берилган юксак баҳо, деб қабул қиламан. Давлатимиз томонидан тиббиёт ходимларига яратилаётган шароит ва эътибор бизга янада масъулият билан ишлаш, болалар саломатлигини асраш йўлида бор куч-ғайратимизни сафарбар этишга руҳлантиради. Келгусида ҳам юртимизда соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш йўлида сидқидилдан хизмат қилишни ўзим учун катта шараф, деб биламан.

Шунингдек, турли соҳаларда фидойилик кўрсатаётган, тадбиркорликда ютуқларга эришган, маҳалла тизимида фаоллик кўрсатаётган 35 нафар ижтимоий сиёсий фаол аёллар вилоят ҳокимлигининг Фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.
Тадбир байрамона концерт дастури билан давом этди. Театр санъаткорлари томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари, куй-қўшиқ ва рақслар иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Ғулом Примов, ЎзА