Ўзбекистон байроғи қабул қилинганининг 34 йиллиги муносабати билан Мажбурий ижро бюроси Сирдарё вилояти бошқармаси томонидан “Бир эл, бир Ватан, бир байроқ” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбир аввалида бюро вилоят бошқармасининг ўринбосари Фаррух Боботаев йиғилганларни қутлуғ сана билан табриклаб, Давлат байроғининг яратилиш тарихи ва унинг мустақиллик давридаги ўрни ҳақида фикр билдирди. У байроғимизнинг ранглари, тамғаси ва шакли халқимизнинг азалий орзу-умидлари, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаш борасидаги интилишларини акс эттиришини таъкидлади.

Маънавий учрашувда Гулистон давлат университетининг катта ўқитувчиси Ғофур Аманов ҳам иштирок этиб, байроғимиз қабул қилинган куннинг тарихий аҳамияти, унинг рамзий маъноси ва бугунги янги Ўзбекистон тараққиётида тутган ўрнига доир илмий-назарий фикрларни билдириб ўтди. Унинг фикрича, байроқ – Ватаннинг шон-шуҳрати, халқнинг ғурури, бирлик ва ҳамжиҳатлик тимсоли сифатида ҳар бир фуқаро учун муқаддасдир.
Тадбир давомида Давлат байроғининг дунё мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар қошидаги Ўзбекистон ваколатхоналари, нуфузли спорт мусобақалари ҳамда халқаро анжуманларда ифтихор билан ҳилпираётгани, шу орқали мамлакатимиз номи ва нуфузи янада юксалиб бораётгани алоҳида қайд этилди.
Якуний чиқишларда байроғимиз остидаги бирлик, тинчлик ва тотувликка муносиб ҳисса қўшиш, ёш авлод қалбида ватанпарварлик туйғулари ва миллий қадриятларга ҳурматни мустаҳкамлаш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири эканлиги эътироф этилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири