Президентимиз ташаббуси билан маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари иш бошлаган эди. Бу орқали камбағалликни қисқартириш, аҳолини молиявий қўллаб-қувватлаш ишларини ҳал этиш бевосита маҳалла даражасига туширилди.
Сирдарё вилоятида фаолиятининг илк кунлариданоқ барча ҳоким ёрдамчилари ҳокимлар, секторлар раҳбарлари ва маҳалла фаоллари билан биргаликда иш-режага мувофиқ, намунавий сўровнома асосида хатловларни бошлаб юборди. 165,2 минг хонадон тўлиқ хатловдан ўтказилиб, ўрганилган хонадонлар иқтисодий-ижтимоий аҳволи бўйича уч тоифага ажратилди.
Жорий йилнинг дастлабки уч ойи давомида вилоятда 236 та маҳаллага тайинланган ҳоким ёрдамчиларининг амалий кўмаги билан 2 мингта оилавий тадбиркорлик лойиҳалари учун 65 миллиард сўм кредит ва 1 миллиард сўм миқдорида субсидия ажратилди. Натижада жойларда 1,6 мингта янги тадбиркорлик субъектлари фаолияти йўлга қўйилди.
Давлатимиз раҳбари раислигида 19 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида энг яхши ва фаолиятида ижобий натижага эришган ҳоким ёрдамчиларини мукофотлаш бўйича топшириқ берилган эди.
1-чорак якуни бўйича уларнинг фаолияти самарадорлиги баҳоланганда Гулистон тумани “Ибрат” маҳалласида фаолият юритаётган Дилшод Маҳмудов энг намунали ҳоким ёрдамчиси, деб топилди. Шунингдек, 96 нафар ҳоким ёрдамчисининг ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш, тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги фаолияти ижобий баҳоланди.
Шунингдек, фаолиятида ижобий натижага эришган бошқа ҳоким ёрдамчилари ҳам рағбатлантирилди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА