Сирдарё вилояти бўйлаб Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан “Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида “Маънавият фестивали” ўтказилмоқда.
Фестиваль доирасида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонликни оммалаштиришга, ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлашга қаратилган қатор ижтимоий лойиҳалар ташкил этилиши белгиланган.
Ана шундай лойиҳалардан бири – “Энг маънавиятли маҳалла” танловининг ҳудудий босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Сирдарё вилоят ҳокими А. Маҳмудалиев, Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи Ж. Болтаев, Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А. Нуриддинов, Бадиий ижодкорлар уюшмаси раиси И. Валихўжаев ва бошқалар сўзга чиқиб, жамиятнинг ижтимоий-маънавий юксалишида энг қуйи бўғин - маҳалланинг ўрни, таъсири беқиёс эканини таъкидладилар. Айни танловда эса маҳаллада маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги қаторида кутубхонанинг мавжудлиги ва ундаги китоб ҳамда китобхонлар сони алоҳида инобатга олингани айтиб ўтилди.
[gallery-18415]
Шундай қилиб, вилоятда “Аҳиллик” (Гулистон шаҳри), “Ватанпарвар” (Ширин шаҳри), З.М.Бобур (Янгиер шаҳри), “Сармич” (Боёвут тумани), “Навоий” (Оқолтин тумани), “Янгиқишлоқ” (Сардоба тумани), “Паймард”, (Сайхунобод тумани), Улуғбек (Сирдарё тумани) ва “Мустақиллик” (Ховос тумани) МФЙ “Энг маънавиятли маҳалла” деб топилди.
Ғолибликни қўлга киритган маҳаллалар раисларига “Ташаккурнома”, махсус статуэтка ва китоблар тўплами учун 10 миллион сўмлик ваучерлар топширилди.
Шаҳриёр ОРТИҚБОЕВ(сурат),ЎзА