Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарёда эмлаш қамрови 99 фоизга етди
13:10 / 2025-08-02

Сирдарё вилоятида 1 ёшгача бўлган болаларни профилактик эмлаш билан қамраб олиш даражаси 99 фоизни ташкил этди. Жорий йилда 67 652 нафар боладан 67 416 нафарига вакциналар қўлланилган. Шунингдек, 2 ёшгача бўлган болалар орасида эмлаш қамрови 97,9 фоиз, 2 ёшдан катта болалар орасида эса 99 фоизни ташкил этмоқда.

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Сирдарё вилояти бошқармаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди. “Юқумли касалликларни олдини олишда иммунопрофилактика тадбирларининг аҳамияти” мавзусидаги тадбирда журналистлар, блогерлар ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этишди.

Бошқарма бошлиғи Жўрабек Ҳасановнинг таъкидлашича, вилоятдаги барча эмлаш пунктлари вакциналар билан 100 фоиз таъминланган. 13 турдаги юқумли касалликка қарши режали эмлашлар Миллий эмлаш тақвими асосида тизимли равишда амалга оширилмоқда.

Эпидемиологик кўрсатмалар асосида, шу кунгача 34 714 нафар аҳоли ва болалар қизамиқ касаллигига қарши эмланган. Шунингдек, 6 ойдан 30 ёшгача бўлган аҳолининг қизамиққа қарши эмланганлик ҳолати таҳлил қилинди. 484 547 нафар фуқаронинг 92,4 фоизи икки ва ундан ортиқ марта, 5,4 фоизи бир марта эмланган. 1 фоизнинг тиббий ҳужжати мавжуд эмас, 0,8 фоизи эса умуман эмланмаган.

Вилоятда 149 та эмлаш пункти фаолият юритмоқда, шулардан 136 тасида ваксинатор тиббиёт ходимлари бор. Қолган 13 муассасада махсус штат бирлиги ажратилмаган бўлиб, 3 та поликлиникада патронаж ҳамширалари эмлаш ишларини амалга оширмоқда.

Эмлаш учун зарур бир маротабалик шприцлар билан таъминлаш даражаси вилоят бўйича 95 фоизни ташкил этади. Масалан, Гулистон шаҳрида бу кўрсаткич 96,7 фоиз, Сардоба туманида эса 76,1 фоизни ташкил қилмоқда.

Иммунопрофилактика тадбирлари натижасида вилоятда полиомиелит, кўкйўтал, вирусли гепатитлар, қизамиқ, коронавирус, пневмокок ва бошқа юқумли касалликлар билан касалланиш ҳолатлари кескин камайгани қайд этилди.

Жўрабек Ҳасанов таъкидлаганидек, бошқарилувчи юқумли касалликларни тўлиқ назоратга олишда фақат тиббий чоралар етарли эмас. Бу борада оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар, мактаб ва маҳалла миқёсида ўтказилаётган тиббий-маърифий учрашувлар ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Фуқароларни хабардор қилиш, эмлашнинг фойдали оқибатларини оммага етказиш орқали жамиятда онгли муносабат шакллантирилаётгани қайд этилди.

Матбуот анжумани якунида соҳа мутахассислари ОАВ вакиллари томонидан берилган саволларга илмий асосланган, аниқ ва атрофлича жавоблар беришди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири