Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарёда электр таъминоти янги босқичга кўтарилмоқда
18:20 / 2025-12-01

Сирдарё вилоятида электр таъминотининг барқарорлиги ва ишончлилигини ошириш мақсадида 270.8 километр узунликдаги 0,4–10 кВ тармоқлар ҳамда 81 та трансформатор пунктини қуриш ишлари бошланди. Лойиҳалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 11 сентябрдаги "Энергетика соҳасига хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги фармони ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилмоқда.

Айни вақтда Сирдарё тумани Янгиобод маҳалласида 1,3 километр узунликдаги 0,4–10 кВли электр узатиш тармоқларини барпо этиш ишлари жадал давом этмоқда. Янгиланаётган тармоқ аҳолини узлуксиз энергия билан таъминлаш, мавжуд юкламани камайтириш ва хизмат сифатини оширишга хизмат қилади.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Сирдарё ҳудудий филиали мутасаддиларига кўра, мазкур лойиҳалар ҳудуддаги электр таъминоти тизимини комплекс такомиллаштиришнинг муҳим босқичини ташкил этади.

–  Электр тармоқларини модернизация қилиш — бу фақат инфратузилмани янгилаш эмас, балки одамларнинг ҳаёт сифати ва ҳудуд иқтисодий салоҳиятини оширишга қаратилган муҳим қадамдир, –  дейди филиалнинг Капитал қурилиш бўлими бошлиғи Аброр Тўрабеков.  – Янгиланган тармоқлар ва трансформаторлар орқали Сирдарё туманида узилишлар сезиларли даражада камаяди, истеъмолчиларга янада ишончли ва барқарор энергия етказиб берилади. Бу нафақат уй хўжаликлари ва ижтимоий объектларнинг, балки маҳаллий тадбиркорлик ва корхоналар фаолиятининг самарадорлигини ҳам оширади. Филиал жамоаси ҳар бир лойиҳани ўз вақтида ва сифатли амалга оширишни устувор вазифа сифатида белгилаган. Биз аҳоли ва иқтисодиёт учун яратилган қулайликларни аниқ ва барқарор натижаларга айлантиришга эътибор қаратмоқдамиз.

Муҳими, Сирдарё вилоятида энерготизимни модернизация қилиш натижасида уй хўжаликлари, таълим ва тиббиёт муассасалари, ишлаб чиқариш корхоналари ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратилиши кутилмоқда. Бу эса аҳолини барқарор ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш имкониятларини кенгайтиради.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири