Давлатимиз раҳбарининг “2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилда Сирдарё вилоятида 10 минг 80 та оилани (46 170 нафар аҳоли) камбағалликдан чиқариш мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланган. Январь-июль ойлари мобайнида 9 минг 207 та оилага 15,3 мингта хизматлар кўрсатилиб, камбағалликдан чиқаришга эришилган. 44 та “оғир” тоифадаги маҳаллага сув чиқариш учун 41,2 млрд сўм маблағ ажратилган.
Вилоят ҳудудидаги камбағал оилаларнинг битирувчи синфдаги фарзандларининг 313 нафарига олий маълумот олишига кўмаклашиш бўйича масъул олий таълим муассасалари раҳбарларига бириктирилган. Давлат ва хорижий тилларни ҳамда касб-ҳунар ўрганиш имкониятларини кенгайтириш юзасидан камбағал оилаларнинг 1 минг 349 нафари инглиз тили, электрон тижорат, СММ ва Wеб дизайн йўналишларида бепул ўқитилган.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси ҳамда Камбағалликни қисқартириш борасидаги ишларнинг ҳолатини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳининг қўшма мажлисида айтиб ўтилди.
Унда Сирдарё вилояти мисолида давлат ва нодавлат олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар учун яратиб берилаётган шарт-шароитлар ва истиқболдаги режалар атрофлича муҳокама қилинди.
Йиғилишда қайд этилганидек, мактабгача таълим билан қамраб олинмаган 3-6 ёшдаги 1 минг 547 нафар камбағал оилалар фарзандларининг 837 нафари вилоятдаги давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган.
Бугунги кунда вилоятдаги 5 та касбий таълим ташкилотлари томонидан ўзларига бириктирилган 17 та маҳаллалардан 562 нафар ишсиз аҳолини касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш бўйича қамраб олинган.
Сирдарё вилоятида 21 та касбий таълим ташкилотларида 79 та касб ва мутахассислик бўйича 8 минг 783 нафар ўқувчилар таълим олмоқда. Уларнинг 208 нафарида хорижий тилларни билиш даражадаги сертификати мавжуд. Ҳозирги кунда хорижий тил курсларига жами 247 нафар ёшлар жалб қилинган.
Бундан ташқари, касбий таълим ташкилотларида 5 та йўналишда жами 411 нафар ишсиз хотин-қизлар касб-ҳунарга ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш бўйича қисқа муддатли ўқув курсларига жалб этилган.
Муҳокамаларда депутатлар мактабгача таълим ташкилотларида замонавий дидактик ўқув воситаларига бўлган эҳтиёжлар тўлиқ қондирилмагани, мактабгача таълим ва олий таълимга қамраб олинмаган имконияти чекланган болаларнинг сифатли таълим учун зарур шароитлар яратилмаганини таъкидладилар.
Малакали кадрларни ҳудудларга жалб қилиш учун рағбатлантириш дастурлари ишлаб чиқиш, хорижий тилларни ўрганиш учун амалий муҳит яратиш, касб-ҳунар таълимини ишлаб чиқариш корхоналари билан интеграциялаш, мактаб ва касбий таълим ташкилотларини замонавий жиҳозлар билан таъминлашга қаратилган таклиф ва тавсиялар берилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА