Сирдарёда DXX кубогига старт берилди
Янгиер шаҳридаги футбол академияда “Соғлом ёшлар – Янги Ўзбекистон келажаги” шиори остида маҳалла ёшлари ўртасида футбол ва мини футбол бўйича Давлат хавфсизлик хизмати кубоги мусобақасининг вилоят босқичига старт берилди.
Мусобақанинг очилиш маросимида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов, DXX вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Сирожиддин Фозилов иштирок этиб, мазкур мусобақалар ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, футболни оммалаштириш, иқтидорли ёшларни аниқлашда муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидлаб ўтишди.



Шундан сўнг кубок доирасидаги баҳсларга қуръа ташланди ва жамоалар гуруҳлардаги ўз рақибларини аниқлаб олишди.



Маълумот учун: вилоятда ўтган йили ўтказилган мазкур мусобақада 5312 нафар ёшлар қамраб олинган бўлса, бу йилги мусобақада иштирок этиш истагини билдирган ва электрон рўйхатдан ўтказилган ёшлар сони 6 254 нафарни ташкил этмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири