English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарёда доялар шарафланди
13:50 / 2023-05-05

Ҳар бир боланинг туғилиши ҳар қандай инсоннинг, айниқса, аёлнинг ҳаётида содир бўлиши мумкин бўлган энг гўзал жараёнлардан бири бўлса, насл туғилишига сабабчи бўлган, унга муносиб хизмат кўрсатган соҳа ходими, яъни доялар учун янада шарафлидир.

Сирдарё вилояти перинатал марказида 5 май-халқаро доялар куни муносабати билан илмий-амалий конференция ўтказилди. Унда Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза этиш бўйича ўринбосари Файзулла Мавлонов, тизимдаги акушерлик комплекслари катта доялари, туман тиббиёт бирлашмаларининг бош ҳамширалари иштирок этди.

Аҳамиятли томони, ўтказилган илмий-амалий конференцияда "Замонавий акушерликда учрайдиган асоратлар", "Нормал туғуруқни олиб бориш тамойиллари", "Оналарни яшаб қолишига ёрдам бериш, "Туғуруқдан кейинги даврда эрта қон кетишда биринчи ёрдам" мавзуларида ўқув-амалий машғулотлар ўтказилди. Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда вилоят перинатал марказининг малакали мутахассислари томонидан қуйи соҳа вакиллари доя ва бош ҳамшираларга маслаҳат ва тавсия берилди.

– Доялик азалдан эътиборга лойиқ касблардан бири ҳисобланади, – дейди Сирдарё вилояти перинатал маркази бош дояси Мунаввар Тўхтабоева. – Боиси у дунёга келган ҳар бир инсоннинг биринчи кунида унинг ёнида туриб, нафақат онага, болага ҳам ёрдам кўрсатади.  

Муҳими, доялик хатога йўл қўйиб бўлмайдиган, катта сабр ва эътибор талаб этувчи касблардан бири ҳисобланади. Сирдарёда халқаро доялар куни муносабати билан ташкил этилган ва ўтказилган илмий-амалий конференция давомида ана шу масалаларга алоҳида эътибор қаратилиб, соҳа ходимлари олдида турган муҳим масалалар хусусида сўз юритилди.

Шундан сўнг, Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги акушерлик комплексларининг бош дояларига ЮНИСЕФ Халқаро ташкилоти томонидан тақдим этилган ўқув қўлланмалар, соҳада фидойилик намунасини кўрсатган бир гуруҳ дояларга сана муносабати билан қимматбаҳо эсдалик совғалар тақдим этилди.  

Ш. Суяров,  

ЎзА