Бутун дунёда бўлгани каби коронавирус пандемияси республикамизда ҳам давом этмоқда.
Гарчи ушбу вирус билан касалланган беморлар сони кундан-кунга камаяётган бўлса-да, коронавирус инфекциясидан азият чекаётган фуқароларимиз ҳам йўқ эмас.
Жумладан, Сирдарё вилоят юқумли касалликлар шифохонасида ташкил этилган "Covid-19" инфекцияси билан касалланган беморларни даволашга мўлжалланган махсус шифохонада ҳомиладорликнинг 37-ҳафтасида бўлган Ховос тумани Карвонсарой маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилиб келаётган 30 ёшли Ситора Хайруллаева ҳам коронавирус инфекцияси билан касалланиб мурожаат қилди.
Беморнинг туғриқ даври яқинлашиб келганлиги, шу кунгача ушбу касалликка чалинган ҳомиладор аёлларга хизмат қилиб келаётган Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмасидаги туғриқ бўлими ўз фаолиятини якунлаганлиги сабабли ҳомиладор беморга зарурий тиббий ёрдамни ташкил қилиш мақсадида бошқарма бошлиғи Р.Йўлдошев топшириғи билан ишчи гуруҳ тузилди.

Ишчи гуруҳ раҳбари Ф.Мавлонов, гуруҳ аъзолари А.Мирзаханов, А.Азизқулов, Б.Турсунов, Ю Мирхоновлар томонидан бир кун муддатда санитар-эпидемиологик талаблар асосида туғриқни қабул қилиш ва операция амалиётларини ўтказиш учун барча зарур тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган хоналар ташкил қилинди.
3 декабрь соат 22:00 ларда беморда туғруқ белгилари бошланди. Вилоят перинатал маркази директори Х.Содиқова ва етакчи акушер гинекологлар М.Мирзақулова, Ш.Хожиевалар беморни кўрикдан ўтказишди ва туғруқни қабул қилиб олиш учун тайёргарликни бошлаб юборишди.
Чамаси 2 соат давом этган жараёнлардан сўнг беморнинг аҳволи оғирлашаётгани, табиий туғриқ имкони йўқлиги, зудлик билан беморни операцияга олиш кераклиги тўғрисида хулосага келинди. Бемор операция хонасига ўтказилди. Шу пайтда онанинг ҳам, боланинг ҳаёти хавф остида эди. Бироқ олий тоифали реаниматолог Н.Нуруллаев бошчилигидаги тажрибали анестезиолог-реаниматологлар А.Ботиров, У.Худойбердиевлар ишга киришди ва кесарча қирқиш амалиётини бажариб, соғлом қизалоқ дунёга келди.
Ҳозир она ҳам, бола ҳам шифохонанинг реанимация бўлимида шифокорлар назоратида даво муолажаларини давом эттиряпти.
Чақалоқнинг отаси А.Хайруллаев барча шифокорларга миннатдорчилик билдирди.
Янги туғилган чақалоққа тожли вирус балосини енгиб, дунё юзини кўрганлиги туфайли “Тожихон” деб исм қўйишларини айтишди.
Ғулом ПРИМОВ,
Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати