Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов раислигида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишда вилоятда бўш турган давлат кўчмас мулк объектлари ҳамда ер участкаларидан самарали фойдаланиш масалалари танқидий ва таҳлилий муҳокама қилинди.
Йиғилиш аввалида вилоят раҳбари Бўш турган ҳар бир объект — бу йўқотилган иш ўрни, ишламай турган иқтисод ва амалга ошмаган ваъда демакдир. Агар бирор объект бир йил, икки йил, ҳатто уч йил давомида сотилмай турган бўлса, буни “бозор” деган битта сўз билан ёпиб бўлмайди. Демак, кимдир бу ишни охиригача қилмаган, кимдир масъулиятни ўз зиммасига олмаган дея таъкидлади.

Хусусийлаштириш дастурлари доирасида белгиланган режалар бажарилгани билан бирга, айрим давлат активлари узоқ вақтдан бери аукцион савдоларида сотилмасдан келаётгани ҳам танқид қилинди.
Хусусан, Мирзаобод туманида жойлашган “Гулистон 2535-сонли автожамланмаси” МЧЖ ҳамда “Бест Харвест Гарден” МЧЖнинг давлат улушлари баҳоланган нархлари сезиларли даражада пасайтирилганига қарамасдан, бир йилдан ортиқ вақт мобайнида сотилмаган. Бундай ҳолат Сирдарё туманида ҳам кузатилаётганлиги таъкидланди.
Йиғилишда ноқишлоқ ер участкаларини аукцион савдоларига чиқариш ҳолати ҳам таҳлил қилинди. Вилоят бўйича умумий кўрсаткичлар ижобий бўлса-да, айрим туманларда ерлар 6 ойдан ортиқ вақт давомида сотилмасдан қолиб кетаётганлиги танқид қилинди. Ҳар бир объектни тайёр лойиҳа шаклида аукционга чиқариш бўйича кўрсатма берилди.
– Нархни туширдик, бўлди деган гап йўқ. Арзон бўлса ҳам тадбиркорга қизиқ бўлмаса, тадбиркор сотиб олмайди, – деди вилоят раҳбари. – У пулни бекорга сарфламайди. Аввало қарайди: йўли борми, суви борми, токи борми, ишчи топиладими. Шу нарса йўқ бўлса, нархни яримига туширсанг ҳам фойда бермайди. Шунинг учун объектни тайёр ҳолда — лойиҳаси, ҳисоб-китоби ва тайёр бизнес-режаси билан сотувга чиқариш керак.

– Айрим раҳбарлар учун объект сотилиши — жараён, натижаси эса иккинчи даражали масала бўлиб қолаяпти. Бизга ер сотилди, бино сотилди деган ҳисобот керак эмас. Бизга у ерда иш қайнаш керак. Одамлар эрталаб ишга бориб, кечқурун ойлик олиб уйига қайтиши керак. Мана натижа. Ана шунда аҳолининг кайфияти ҳам, турмуши ҳам яхшиланади. Президентимизнинг талаби ҳам шу. Олдимизга қўйилган вазифа ҳам шу. Ҳар бир раҳбар ўз ҳудудидаги ҳар бир объект учун жавобгарликни ҳис қилиши керак. Бу менинг ишим эмас деган гап энди ўтмайди, – деди Эркинжон Турдимов.
Йиғилиш якунида масъулларга аниқ топшириқлар берилди. Узоқ вақтдан бери сотилмаётган ҳар бир объект бўйича алоҳида таҳлил олиб бориш, инфратузилма масалаларини ҳал қилиш, тайёр бизнес-таклифлар ишлаб чиқиш ва энг муҳими — шахсий жавобгарликни кучайтириш вазифаси белгиланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири