Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарёда аҳоли бандлигини таъминлашга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди
09:36 / 2022-07-22

Сирдарёда жорий йил 1-ярми давомида аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи Мурод Муҳаммадиев ва унинг ўринбосарлари, бўлим бошлиқлари, туман ва шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларининг директорлари, вилоят Давлат меҳнат инспекцияси, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг вилоят филиали ҳамда вазирлик тасарруфидаги Гулистон «Ишга марҳамат» мономаркази, Сайхунобод, Оқолтин ва Ховос касб-ҳунарга ўқитиш марказлари раҳбарлари иштирок этди.

Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишига айланди. Инсон қадри ва унинг манфаатлари ҳақида сўз кетар экан бандлик масаласи муҳимдир.

Анжуманда мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича тасдиқланган дастурлар ҳақида сўз борди.

Аҳолини бўш ва квоталанадиган иш ўринларига ишга жойлаштириш механизмларини такомиллаштириш, ўзини ўзи банд қилишнинг самарали шаклларини ривожлантириш борасида таъсирчан чора-тадбирлар кўрилмоқда. Фуқароларнинг тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш, ижтимоий заиф қатламлар бандлигини таъминлаш бўйича давлат хизматларидан фойдаланиш имконияти, сифати ва тезкорлигини оширишга қаратилган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Қайд этилишича, 2022 йилнинг 1 ярим йиллигида туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан иш сўраб мурожаат қилган 31 871 нафар фуқаронинг 7 382 нафари (23,2 фоизи) ишга жойлаштирилган. Ишга жойлаштирилганларнинг катта қисми Боёвут тумани (1 181 нафар), Сирдарё тумани (1 130 нафар), Гулистон шаҳри (888 нафар) ва Ховос тумани (787 нафар) ҳиссасига тўғри келмоқда.

Бунда асосий эътибор “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари” ҳамда “Темир дафтар”га киритилган ишсиз фуқаролар, муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган ва чет элдан қайтган фуқароларни ишга жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ҳисобот даврида, Бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан чет давлатлардан қайтиб келган 6 658 нафар юртдошимизнинг 4 914 нафари (73,8 фоиз) қурилиш, ободонлаштириш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларига ишга жойлаштирилган.

Ўзини ўзи банд қилиб тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган 823 нафар ишсиз фуқарога меҳнат қуроллари, томорқа ер эгаларига енгил конструкцияли иссиқхона ўрнатиш, уруғликлар, кўчатлар ва суғориш воситалари харид қилиш учун 1,4 млрд. сўмлик давлат субсидиялари ажратилган.

Ўтган давр мобайнида бошқарма ва унинг ҳудудий марказлари томонидан 68 та бўш иш ўрни ярмаркаси ўтказилган бўлиб, унда 1 465 та корхона ва ташкилотлар ўзларида мавжуд 11 751 та бўш иш ўрни билан қатнашган. Ярмаркалар доирасида 1 332 нафар фуқарога ишга жойлашиши учун йўлланмалар берилган бўлса, 4 298 нафарига меҳнат қонунчилиги бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилган.

 

Ш.Суяров, Ф.Тошматов(сурат), ЎзА