Сирдарёда дунёнинг энг кучли полвонлари жаҳон чемпионлиги учун баҳсларга киришди. Гулистон шаҳридаги “Алпомиш” спорт мажмуасида мамлакатимиз илк бор мезбонлик қилаётган белбоғли, бел олиш ҳамда уч кураш турлари бўйича катталар ўртасида жаҳон чемпионатининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Сирдарё вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев, секторлар раҳбарлари, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси, Ўзбекистон Бел олиш ва уч кураш ассоциацияси вакиллари ҳамда спортчилар иштирок этди.
Маросимда вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев сўз олиб, қатнашчиларни қутлади. Мусобақа уч кураш баҳслари билан бошланди. Унда эркаклар 8 та вазн, қизлар 3 та вазн тоифасида ўзаро беллашди.
Чемпионатнинг биринчи кунида аксарият вазн тоифаларида финалчилар маълум бўлди. Тожикистонлик Одимуҳаммад Зиёев ва Ўзбекистон вакили Қувондиқ Қутлимуродов 66 килограмда финалга йўл олган бўлса, 72 килограммда ҳам шу давлат полвонлари Худоёр Ражабзода ва Акмал Акромов бош соврин учун гиламга чиқишади.
90 килограммда вакилимиз Асрбек Йўлдошев эронлик рақиби Тораж Шинари билан олтин медаль учун бел олишади. Шунингдек, 96 килограммдаги полвонлар финалида яна бир спортчимиз Ҳусниддин Жалолов қирғизистонлик Бобур Мамировга қарши майдонга тушади.
[gallery-14682]
Ш.Суяров, Ш.Ортиқбоев,(сурат), ЎзА мухбирлари