Куни кеча Сирдарё вилоятида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ҳудуднинг кейинги йиллардаги ривожланиш истиқболлари белгилаб берилган муҳим сиёсий-иқтисодий воқеа сифатида кенг жамоатчилик томонидан эътироф этилмоқда.
Сессияда давлат раҳбари томонидан билдирилган фикрлар ва қабул қилинган қарорлар Сирдарёни нафақат аграр ҳудуд, балки индустриал марказ сифатида қайта шакллантиришга қаратилган янги босқични бошлаб беради.

Йиғилишда Президент “Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Сирдарёдаги улкан ўзгаришларни алоҳида таъкидлади.
– Илгари асосан қишлоқ хўжалигига боғланиб қолган бу заминда сўнгги йилларда саноат, сервис, туризм йўқдан бор бўлди. Бизнес муҳити бутунлай ўзгарди, илғор тадбиркорлар қатлами шаклланди, – деди давлатимиз раҳбари.

Сўнгги йилларда Сирдарёда рўй бераётган ўзгаришлар рақамларда ҳам ўз тасдиғини топмоқда. Бир пайтлар асосан аграр йўналишда бўлган вилоят бугун саноат, инфратузилма ва хизматлар соҳасида барқарор ўсишга эришмоқда. Охирги саккиз йилда ҳудудга 4 миллиард доллардан ортиқ инвестиция кириб келди, 187 та йирик саноат қуввати ишга туширилди, 120 мингдан зиёд иш ўринлари яратилди. Саноат ҳажми 4 триллион сўмдан 25 триллион сўмгача ошгани эса иқтисодиётдаги туб ўзгаришларнинг яққол далили сифатида қайд этилди.

Гулистон давлат университети профессори Равшан Маҳмудовнинг таъкидлашича, Президентнинг бу галги ташрифи Сирдарёнинг келгуси 5-10 йиллик тараққиёт йўналишларини белгилаб берди.
– Давлатимиз раҳбарининг ташрифидан сўнг бугунги Сирдарё ўрнида тамоман бошқа – иқтисодий географияси кенгайган, саноати ривожланган янги Сирдарёнинг пойдевори қўйилди. Чунки бажарилиши керак бўлган ишлар ва устувор йўналишлар аниқ белгилаб берилди, – дейди профессор.

Йиғилишда саноат зоналарини 1080 гектарга кенгайтириш ва ушбу ҳудудларда камида 4 миллиард долларлик янги лойиҳаларни амалга ошириш вазифаси қўйилди. Бу ташаббус Сирдарёни республикадаги энг йирик индустриал марказлардан бирига айлантириши кутилмоқда. Шунингдек, Қозоғистон билан ҳамкорликда Сирдарё туманида барпо этиладиган Марказий Осиё саноат кооперацияси марказига расман старт берилди. Ушбу майдонда қиймати 300 миллион долларлик 14 та корхона 2026 йилнинг биринчи чорагида ишга туширилиши, кейинчалик яна 720 миллион долларлик 40 та лойиҳа жойлаштирилиши белгиланган.

Меҳнат фахрийси Қўзибой Ўроқов мазкур ташаббусни ҳудуд учун беқиёс имконият сифатида баҳолаб, шундай деди:
– Бу марказ Сирдарё учун янги экспорт эшиги. У маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни – фермерлардан тортиб кичик цехларгача қиймат занжирининг юқори босқичига олиб чиқади. Агар кооперация тизими самарали ишласа, ҳудуднинг ички бозорга боғлиқлиги камаяди, рақобатбардош маҳсулотлар улуши ортади.

Хитой билан иқтисодий ҳамкорлик борасидаги маълумотлар ҳам диққатга сазовор. Вилоятда хитойлик инвесторлар иштирокида 500 миллион долларлик 31 та корхона ишга туширилган бўлиб, яқин икки йилда яна 700 миллион долларлик 40 та қўшма лойиҳа амалга оширилиши кутилмоқда. Президент Сирдарёдан делегацияларни Хитойнинг Цзянсу, Шаньдун, Гуандун каби провинцияларига юбориш, технологик ва иқтисодий шерикликни кенгайтириш вазифасини топширди. Бу эса саноат салоҳияти ва экспорт имкониятларини янада оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Қаҳрамони Мирзааҳмад Шоимов Сирдарёнинг географик жойлашуви бу жараёнда ҳал қилувчи аҳамият касб этишини таъкидлади:
– Саноат зонасида битта лойиҳанинг ишга тушиши – бу фақат корхона фаолият бошлаши эмас. У логистика ҳаракатини кучайтиради, хизматлар бозорини кенгайтиради, таълим муассасаларини янги мутахассислар тайёрлашга ундайди. Сирдарёнинг мамлакат марказида жойлашгани эса уни стратегик етказиб бериш нуқтасига айлантиради, – деди мутахассис.

2024 йилда аҳоли турмуш шароитларини яхшилаш мақсадида 100 миллион доллар ажратилиб, бу маблағ ҳисобидан 47 та мактаб, 45 та болалар боғчаси, 31 та тиббиёт муассасаси, 5 та спорт ва маданият иншооти таъмирланди. Келаси йилда ҳам шунча сармоя йўналтирилиши белгиланган.
Қишлоқ хўжалигида сув таъминотини яхшилаш мақсадида Боёвут туманида қиймати юқори бўлган “Султонҳовуз” сув омбори қурилишига старт берилади. Сиғими 100 миллион куб метр бўлган ушбу иншоот 110 минг гектарда йилига икки марта ҳосил етиштириш имконини яратади. Бу лойиҳа нафақат деҳқон ва фермерлар, балки бутун ҳудуднинг аграр салоҳиятини оширишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Энг муҳими, бундай ташаббус Боёвут, Гулистон, Сайхунобод, Сирдарё ва Мирзаобод туманларида фаолият юритаётган фермерлар, агрокластерлар ва томорқачилар томонидан катта мамнуният билан қарши олинди.
– Айни саратоннинг иссиғида экилган экиннинг чилла сув талаб этган пайтида сув ресурсларининг камайиши нафақат ўсиш жараёнига, балки ҳосилдорликка ҳам салбий таъсир қиларди. Президентнинг бу масалага эътибор қаратгани ва “Султонҳовуз” сув омбори қурилиши ҳақидаги фикрлари сув истеъмолчилари кўнглидаги гап бўлди, – дейди “Боёвутлик Хумоюн” фермер хўжалиги раҳбари, "Шуҳрат" медали соҳиби Абдулла Бегматов.

Йиғилишда Президент Эркин Турдимов номзодини Сирдарё вилояти ҳокими лавозимига тавсия қилди. Депутатлар бу таклифни маъқуллаб, янги ҳоким олдига қуйидаги устувор вазифаларни белгилаб бердилар: 3 миллиард долларлик инвестиция жалб қилиш, экспорт ҳажмини 500 миллион долларга етказиш, 185 минг аҳолини иш билан таъминлаш – ҳудуд ривожининг асосий драйверлари сифатида қайд этилди.

Сирдарёда қабул қилинган қарорлар ва эълон қилинган лойиҳалар вилоятнинг яқин йиллардаги тараққиёт моделини аниқ белгилаб бермоқда. Янги саноат зоналари ва кооперация марказларининг ишга туширилиши, инфратузилманинг жадал янгиланиши, қишлоқ хўжалигида тизимли ёндашувнинг йўлга қўйилиши, халқаро шерикликнинг кенгайиши — буларнинг барчаси Сирдарёни мамлакатдаги энг жадал ривожланаётган ҳудудлар қаторига олиб чиқиши, шубҳасиз.




Мутахассислар таъкидлаганидек, ислоҳотларнинг энг муҳим жиҳати, уларнинг шунчаки дастур ёки режа эмас, балки аниқ механизмлар, манзилли топшириқлар ва амалий қадамлар билан таъминланганидир. Агар белгиланган йўналишлар изчил амалга оширилса, Сирдарё нафақат саноатда, балки илм-фан, таълим, инновация ва хизматлар соҳасида ҳам янги босқичга кўтарилади.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири