Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарё хабарлари – қисқа сатрларда
20:08 / 2021-03-24

Алишер Навоий номидаги Сирдарё вилояти ахборот-кутубхона марказининг Абонементлар секторида “Оилавий китобхонлар клуби”нинг дастлабки йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирни янада қизиқарли ўтказиш мақсадида АКМ ходимлари томонидан тайёрланган “Ўқинг ва сўзланг” номли викторина ташкил этилиб, унда таклиф этилган китобхон оилалар, айниқса, уларнинг фарзандлари жуда фаол иштирок этди.

Шунингдек, “Янги келган адабиётлар” мавзусида “Жаҳон ва ўзбек адабиёти дурдоналари кутубхонаси”дан ўрин олган асарлар тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди. Тадбир сўнгида қатнашчилар ўзлари қизиққан адабиётларни мутолаа учун танлаб, уйларига олиб кетиш ҳуқуқини қўлга киритди.

***

Ховос туманида "Оила маънавияти" ойлиги доирасида "Жаҳолатга қарши маърифат" ҳамда "Ёшлар ўртасида одоб, ахлоқ" мавзуларида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Маънавий-маърифий тарғибот тадбирида республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари Шерзод Рустамов, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, “Ховос” жоме масжиди имом хатиби Абдуғаффар Муҳамадиевнинг ақидапарастликнинг олдини олиш, экстремизм, терроризм хуружларига қарши курашишга қаратилган маърузалари катта қизиқиш билан тингланди.

Тадбир сўнгида “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзуси қамраб олинган 8 номдаги китоблар жамланмаси тумандаги умумтаълим мактаблари кутубхоналарига туҳфа қилинди.

***

Сирдарё вилояти прокуратураси органлари ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида “Вилоят прокурори кубоги” учун спортнинг мини-футбол тури бўйича мусобақа бўлиб ўтди.

Мусобақада вилоят, туман ва шаҳар прокуратура органлари ходимларидан таркиб топган, жами 16 жамоа ғолиблик учун баҳс олиб борди.

Мусобақада барча рақибларини доғда қолдирган вилоят прокуратураси ходимларидан ташкил топган “Маҳкама-1” жамоаси “Вилоят прокурори кубоги” соҳиби бўлди. Беллашувда “Янгиер” жамоаси 2-, “Ховос” жамоаси 3-ўринни эгаллади.

Ғолиб ва совриндорларга диплом, медаль ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

***

Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг шаҳар ва туманлардаги бўлимлари ходимлари томонидан ҳашар йўли билан ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва таъмирлаш ишлари давом этмоқда.

Жумладан, Сирдарё туманининг Соҳил, Мирзаобод туманининг Дўнгариқ ва Оқолтин туманининг Алишер Навоий номли маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида фавқулодда вазиятлар бўлимлари ходимлари томонидан кўп йиллар давомида аҳоли томонидан ноқонуний қурилган бинолар фуқароларнинг розилиги билан олиб ташланиб, ногирон, ёлғиз яшовчи, боқувчисини йўқотган оилаларнинг хонадонлари таъмирланмоқда, экин майдонлари тартибга келтириб, мевали ва манзарали дарахт кўчатлари, ранг-баранг гуллар экилаётир.

***

Президентимизнинг 2019 йил 4 декабрдаги “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ўтган 2020 йил сентябрь-декабрь ойлари давомида Сирдарё, Жиззах, Андижон, Фарғона, Сурхондарё вилоятларида 2003-2008 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида спортнинг футбол тури бўйича мамлакат чемпионати баҳслари ўтказилиб, унда 6 ёш босқичидаги Сирдарё вилоят ўсмирлар терма жамоаси ёш тоифалари бўйича 2 та 1-ўрин, 1 та 2-ўрин ва 1 та 3-ўринни қўлга киритган эди.

Шу ўринда, 2003 йилда таваллуд топган ўсмирлар ўртасида Гулистон шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионати мусобақасида сирдарёликлар ғолибликни қўлга киритиб, 18 нафар спортчи олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида имтиёзли равишда ўқишга кириш ҳуқуқини қўлга киритган.

Гулистон шаҳридаги “Ягона” тантаналар саройида Ўзбекистон чемпионати ғолиб ва совриндорлари бўлган 6 ёш тоифасидаги вилоят ўсмирлар терма жамоаси футболчиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Байрам тадбирида ёш футболчиларга спорт формалари ва эсдалик совғалари топширилди.

А.Қаюмов, Ф.Тошматов (сурат), ЎзА