French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарё вилоятидаги спорт муассасалари фаолияти ўрганилди
09:42 / 2024-12-11

МОҚ раҳбариятининг ҳудудлардаги спорт инфратузилмасини ўрганиш бўйича олиб бораётган ишлари доирасида мутасаддилар Сирдарё вилоятидаги спорт муассасаларини кўздан кечирди.

Ўрганиш жараёнида МОҚ раҳбариятига вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев ҳамроҳлик қилди. Дастлаб, Сирдарё ва Сайхунобод туманларидаги спорт мактабларига ташриф буюрилди.  

Қайд этиш жоизки, ҳозирда Россиянинг “ЦСКА” клубида фаолият олиб бораётган футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Аббосбек Файзуллаев Сайхунобод спорт мактабида футболнинг дастлабки сир-асрорларини ўрганган.  

Суҳбат давомида мутасаддиларга ҳар бир йўналишда Аббосбекдек иқтидор эгаларини топиш, селекцияга кўпроқ аҳамият қаратиш борасида тавсиялар берилди.  

Мутасаддилар ёш спортчиларнинг шуғулланишлари учун яратилган шароитлар билан танишиб, муассасаларнинг моддий-техник базасини кўздан кечирди.  

Шунингдек, мутасаддилар ўйин спорт турлари ва енгил атлетика, гимнастика ва сув спорти турларига ихтисослашган спорт мактабларида ҳам бўлишди.Машғулотлар жараёни кўздан кечирилди ва ёш спортчилар билан мулоқот қилинди.  

МОҚ ахборот хизмати маълумотига кўра, Гулистон Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ҳамда вилоят футбол академияси ҳам кўздан кечирилди. Якунда спорт вазири Адҳам Икромов, Акмалжон Маҳмудалиев бошчилигидаги вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, федерацияларнинг ҳудудий вакиллари билан янги режаларга бағишланган йиғилиш ўтказилди.  

Унда “Лос-Анжелес-2028” ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш учун терма жамоаларга жалб этиладиган сирдарёлик спортчилар рўйхати кўриб чиқилиб, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва шуғулланишлари учун барча шароитларни яратиш борасида тавсиялар берилди.  

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА