Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарё вилоятида Венгрия тажрибаси асосида илғор технологиялар жорий қилинади
20:15 / 2025-12-04

Бугун Венгрия давлат бошқаруви ва ҳудудий ривожланиш вазири Т.Наврачич, Сирдарё вилояти ҳокими Э.Турдимов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги директори в.б. У. Хусаинов иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Дастлаб икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорлик ва дўстона муносабатлар изчил ривожланиб, янги босқичга кўтарилаётгани қайд этилди. Бу жараёнлар мамлакатлар етакчиларининг ўзаро ишончга асосланган сиёсати ва олиб бораётган изчил дипломатик саъй-ҳаракатлари самараси эканлигига алоҳида урғу берилди.

Муҳокамалар давомида Венгриянинг "Смарт қишлоқлар" моделини Сирдарё вилояти Ховос туманида пилот лойиҳа шаклида амалга ошириш, давлат бошқарувини модернизация қилиш, рақамлаштириш масалаларига тўхталиб ўтилди.  

Учрашув якунида Сирдарё вилоятининг Ховос туманида 50 гектар майдонда Ўзбекистон-Венгрия технопаркини барпо этиш, Венгриянинг Будапешт шаҳрида тадбиркорлар учун бизнес-форум ўтказиш, Гулистон давлат университетида МАТЕ университетининг балиқчилик факультетини очиш ва бир қатор қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.

Шунингдек, учрашув чоғида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ҳамда Венгриянинг Давлат бошқаруви ва ҳудудий ривожлантириш вазирлиги ўртасида давлат бошқаруви ва давлат фуқаролик хизмати соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Меморандум доирасида иштирокчилар давлат хизмати, инсон ресурсларини бошқариш ва давлат бошқаруви соҳаларида қўшма тадбирлар, лойиҳалар ҳамда ўқув дастурларини амалга оширади. Шунингдек, инновацион бошқарув усуллари, инсон капитали самарадорлигини ошириш ҳамда ҳудудларни ривожлантириш йўналишларида ҳамкорлик қилинади.

Н.Абдураимова, ЎзА