Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар хуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуни 75-моддасида ва давлат харидлари соҳасидаги бошқа қонунчилик ҳужжатларининг тўғри қўлланилиши устидан давлат назоратини амалга оширмоқда.
Шунга кўра, қўмитанинг Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан давлат харидлари соҳасида жумладан, etender.uzex.uz махсус ахборот портали орқали энг яхши таклифларни танлаш бўйича ўтказилаётган танлов савдоларида “Давлат харидлари тўғрисида”ги ҳамда “Рақобат тўғрисида”ги қонун талаблари бўйича доимий мониторинг ишлари олиб борилмоқда.
Ўтган давр мобайнида қўмита томонидан давлат буюртмачиларининг 2022 йилда 37 миллиард сўмлик 142 та энг яхши таклифларни танлаш бўйича ўтказилган танлов савдолари назорат тартибида ўрганилди.
Ўтказилган ўрганишлар давомида 19 миллиард сўмлик 86 та ҳолатда қонунбузилиш ҳолатлари (5 та ҳолатда иштирокчилар ўртасида аффилланганлик ҳолатлари мавжудлиги, 48 та ҳолатда савдолар ўтказишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибини бузиш, 33 та ҳолатда савдоларнинг битта ёки бир нечта иштирокчисига савдоларда қатнашиш учун имтиёзли шарт-шароитлар яратиб бериш) аниқланди.
Жумладан, Сирдарё туманидаги “Мурувват” ногиронлиги бўлган аёллар интернат уйи томонидан ўтказилган танлов савдоларининг 1 тасида иштирокчилар ўртасида аффилланганлик ҳолатлари мавжудлиги аниқланган бўлиб, қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан тузилган 317 миллион сўмлик шартнома хақиқий эмас деб топилиб, бекор қилинди. Қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйганлиги учун маъсул ходимларга нисбатан суд томонидан маъмурий жавобгарлик чораси қўлланилган.
Ширин шаҳар ва Боёвут туман тиббиёт бирлашмалари томонидан умумий қиймати 365 миллион сўмлик 9 та савдода “Давлат харидлари тўғрисида”ги ва “Рақобат тўғрисида”ги қонун талаблари бузилиш ҳолатлари аниқланиб, масъул ходимларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чораси қўллаш учун ҳужжатлар судга юборилди.
Сирдарё вилоятидаги 70-сонли мактаб интернати томонидан умумий қиймати 610 миллион сўмлик “Аутсорсинг” хизмати учун ўтказилган танлаш савдоларида “Давлат харидлари тўғрисида”ги ва “Рақобат тўғрисида”ги қонун талаблари бузилиш ҳолатлари аниқланиб, тузилган шартномани бекор қилиш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Бундан ташқари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда давлат харидлари назорати юзасидан ўтказилган ўрганишлар давомида аниқланган 17 миллиард сўмлик 63 та қонунбузулиш ҳолатлари юзасидан тўпланган ҳужжатлар прокуратура органларига ҳуқуқий баҳо бериш учун тақдим этилган.
ЎзА