Сирдарё вилоятида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг 3 нафари ҳаёт бўлиб, улар фарзандлари, невара-чевараларининг ардоғида саодатли умр кечирмоқда. Бир асрлик тарихнинг жонли гувоҳи бўлган бу табаррук нуронийлар давлатимизнинг ҳам доимий эътиборида. Уларга урушнинг оғир синовли йилларида ҳамда ундан кейинги даврда бугунги авлоднинг фаровон яшаши учун кўрсатган жасорат ва матонатлари учун алоҳида ҳурмат ва эътибор кўрсатиляпти.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни олдидан Сирдарё вилояти ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Акмалжон Маҳмудалиев, нуронийлар, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан биргаликда Сирдарё туманида истиқомат қилувчи Иван Шведенко, боёвутлик Ўскан бобо Ҳожиманов ҳамда гулистонлик Бектурсун бобо Пирматовларнинг хонадонларига йўқлаб борди. Вилоят ҳокими фахрийларга Президентимиз табригини ўқиб эшиттириб, 18 миллион сўм пул мукофоти ҳамда қимматбаҳо совғаларни тантанали равишда топширди.
Вилоят раҳбари уруш қатнашчиларини қонли жангларда кўрсатган жасоратини, фаровон ҳаёт учун қилган оғир ва шарафли меҳнатларини, эл-юртига бўлган садоқатини эътироф этар экан, уларни босиб ўтган йўли, ҳаётий тажрибаси ўсиб келаётган ёш авлодга ибрат намунаси эканини алоҳида таъкидлади.
[gallery-11774]
– Чиндан ҳам бугунги дориломон кунларимиз учун жонини аямаган, меҳнати билан фаровон ҳаётимизга улкан ҳисса қўшган фахрийларимиз учун ҳар қанча эътибор ва ғамхўрлик кўрсатсак арзийди, – деди Акмалжон Маҳмудалиев.
Ш. Суяров,
Ш. Ортиқбоев, ЎзА