Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Гулистон филиали 10-“греэн” синф ўқувчиси Азизбек Мамажонов Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкент филиалида бўлиб ўтган математика фестивалида фахрли 1-ўринни қўлга киритди.
Беллашув жорий йилнинг 2 ноябрь куни “BRICS+ очиқ фанлар ҳафталиги” доирасида ташкил этилди. Унда мамлакатимиздаги умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ва академик лицейлардан жами 141 нафар ўқувчи иштирок этди.
Фестивалда иштирокчиларга аниқ фанлар бўйича назарий ва амалий саволлар, мантиқий мисоллар ҳамда мураккаб математик масалалар тақдим этилди. Азизбек Мамажонов беллашувда аниқ фикрлаши ва масалаларни тез, қийналмай ечиши билан ажралиб турди.
Ғолиблар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.


***
Ширин шаҳридаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида стол тенниси бўйича U–11 ёш тоифасидаги ўғил ва қиз болалар ўртасида Сирдарё вилояти кубоги мусобақалари бўлиб ўтди. Беллашув ёш спортчилар, мураббийлар ва спорт мухлислари учун ҳақиқий байрам кайфиятини улашди.
Мусобақада вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан келган жамоалар ўзаро куч синашди. Қатнашувчилар стол теннисидаги чаққонлик, диққат, стратегик фикрлаш ва жамоавий руҳни намоён этишди.
Қизлар ўртасидаги қизғин баҳсларда Оқолтин тумани жамоаси барча рақибларини ортда қолдириб, 1-ўринни эгаллади. Ўғил болалар ўртасида эса Гулистон тумани жамоаси юқори натижа кўрсатиб, вилоят кубоги соҳиби бўлди.
Ғолиб ва совриндор жамоалар Ширин шаҳар спорт мактаби ҳамда Ўзбекистон стол тенниси федерациясининг вилоят бўлими томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.


***
Оқолтин туманида ижтимоий назоратдаги хотин-қизлар учун “Хавфсиз оила” профилактика тадбири доирасида психологик тренинг ташкил этилди. Тадбирнинг асосий мақсади — аёлларнинг жамиятга мослашувини қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш ва психологик қўллаб-қувватлашдан иборат бўлди.
Семинар давомида мутахассислар хотин-қизларга қонунчиликдаги янгиликлар, оилавий муҳитни мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш ва касб-ҳунар ўрганиш имкониятлари ҳақида батафсил тушунчалар берди.



Иштирокчилар билан очиқ мулоқот ўтказилди, уларнинг муаммолари ва таклифлари тингланди ҳамда уларга тегишли ташкилотлар иштирокида амалий ечимлар топилди.
Тренинг якунида “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази психологи хотин-қизларнинг руҳий ҳолатини яхшилашга қаратилган машғулот ўтказди. Шунингдек, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва кундалик ҳаётдаги қийинчиликларни енгишга доир тавсиялар берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири