Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарё вилояти хабарлари — қисқа сатрларда
19:03 / 2025-07-01

Ширин шаҳрида Сирдарё вилояти Солиқ бошқармаси томонидан тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди. Унда кичик ва ўрта бизнес вакиллари, маҳаллий ишбилармонлар ҳамда солиқ инспекцияси ходимлари иштирок этди.

Мулоқотда асосий эътибор тадбиркорларни қийнаётган муаммолар, солиқ юки, ҳисоботлар юритишдаги қийинчиликлар ҳамда рақамли хизматлардан фойдаланишдаги муаммоларга қаратилди.

– Солиқ тизимида “солиқчи — тадбиркорга кўмакчи” тамойили асосида иш олиб бориляпти. Бу орқали тадбиркорлар билан яқин мулоқот ўрнатиш, уларни қўллаб-қувватлаш, фаолиятини расмийлаштиришга ёрдам бериш мақсад қилинган, – дейди Ширин шаҳар солиқ инспекцияси шўъба бошлиғи Бекзод Зиёев.

Мулоқот давомида тадбиркорлар ҳисоботларни электрон шаклда тақдим этиш, онлайн хизматлардан фойдаланиш, қонунчиликдаги ўзгаришлар ва амалдаги имтиёзлар ҳақида кўпроқ ахборот талаб этилаётганини билдирди.

Солиқ бошқармаси мутасаддилари билдирилган камчилик ва муаммоларни жойида ҳал этди. Қолган масалалар бўйича қонуний асосда чоралар кўрилиши айтилди. 

***

Фарғона вилоятида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ташаббуси билан тизимдаги ёш ҳарбийлар ўртасида ўтказилган “Қувноқлар ва зукколар – 2025” кўрик-танловининг финал босқичи бўлиб ўтди. Унда Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг “Божалар” жамоаси фахрли биринчи ўринни қўлга киритди.

Танловда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Самарқанд, Қашқадарё, Сирдарё ва Фарғона вилоятлари бошқармаларида хизмат қилаётган ёшлардан тузилган жамоалар иштирок этди.

Иштирокчилар нафақат саҳнадаги ҳажвий чиқишлари ва турли хил савол-жавоблари, балки юксак фуқаролик позицияси, ижодкорлик қобилияти ҳамда жамоавий ишлаш маҳорати асосида баҳоланди.

– Беллашув юқори кайфиятда, қувноқ ва дўстона муҳитда ўтди, – дейди Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Ахборот хизматининг раҳбари Давронбек Сулаймонов. – Натижада бизнинг “Божалар” жамоамиз сценарий, юмор ва саҳнадаги уйғун ҳаракатлари билан ҳакамлар ва томошабинларнинг олқишига сазовор бўлди. Фахрли биринчи ўринни қўлга киритди.

***

Сирдарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ташаббуси билан Ширин шаҳридаги 4-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида болалар учун хавфсиз ва мазмунли ёзги таътилни ташкил этиш, соғломлаштириш тадбирларини самарали йўлга қўйиш мақсадида “90 кун – 90 имконият: болалар бахти учун биргаликда ҳаракат қилайлик!” шиори остида вилоят семинари ташкил этилди.

Семинарда мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари, педагоглар, маҳаллий давлат ҳокимияти ва мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Ёзги мавсумда мактабгача таълим муассасаларида болалар учун соғлом, хавфсиз ва мазмунли муҳит яратиш, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, эстетик ва маънавий тарбияни таъминлашга оид методик тавсиялар тақдим этилди.

Шунингдек, тадбирнинг амалий қисмида шаҳар мактабгача таълим ташкилотлари ўртасида шахмат-шашка, минифутбол, “Қувноқ стартлар”, гимнастика ва веломарафон каби спорт мусобақалари ташкил этилди. Мусобақаларда фаол қатнашган ва ғолиб бўлган тарбияланувчилар Ширин шаҳар ҳокимлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан тақдирланди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири