Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарё вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
17:40 / 2025-05-12

Гулистон шаҳридаги Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказининг 4-ТИП спорт мажмуасида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси кубоги учун гандбол бўйича вилоят босқичи мусобақалари бўлиб ўтди.

Мазкур мусобақа ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларни жисмоний фаолликка жалб этиш ва маҳаллаларда спорт муҳитини ривожлантириш мақсадида ташкил этилди. Унда турли туман ва шаҳарларда ўтказилган саралаш босқичларида ғолиб бўлган жамоалар иштирок этди.

Беллашувлар жуда қизғин ва муросасиз кечди. Жамоалар биринчилик учун, шунингдек, республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритиш йўлида жипслик ва юқори маҳорат билан кураш олиб бордилар. Мусобақа давомида иштирокчилар нафақат шахсий салоҳиятларини, балки жамоавий ўйин маданиятини ҳам намойиш этишди.

Натижаларга кўра, Сирдарё туманининг Баҳор маҳалласи жамоаси 1-ўринни олиб, республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган бўлса, Мирзаобод туманининг Ойдин маҳалласи жамоаси 2-ўринни, Ховос туманидаги Гулбаҳор маҳалласи жамоаси эса 3-ўринни эгаллади.

***

Жорий йилда ўтказилиши режалаштирилган “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” ҳамда “Президент олимпиадаси” спорт мусобақаларига тайёргарлик ишлари юзасидан Сирдарё вилоятига ишчи гуруҳ ташриф буюрди. 

Ишчи гуруҳ дастлаб мусобақаларнинг минтақавий босқичлари ўтказилиши кўзда тутилган Сирдарё, Мирзаобод, Ховос туманлари ва Янгиер шаҳридаги спорт иншоотларидаги мавжуд шароитлар билан яқиндан танишди. Объектларда мусобақалар учун зарур инфратузилма, спорт жиҳозлари ва бошқа техник талабларга жавоб бериш ҳолати ўрганилди.

Гуруҳ вилоят босқичлари бўлиб ўтадиган Гулистон шаҳридаги Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказидаги вилоят штабида мусобақаларни юқори савияда ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар, штаб иши ва логистика масалаларини муҳокама этди.

Ўрганиш якунида масъуллар иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда мусобақаларни юксак савияда ўтказиш, маҳаллий спорт ташкилотлари раҳбарларининг масъулиятини ошириш, ҳокимликлар билан ҳамкорликни кучайтириш, жойлардаги спорт клубларини фаол жалб қилиш каби масалалар кўриб чиқилди.. Барча йўналишлар бўйича масъул шахслар белгиланиб, улар зиммасига аниқ вазифалар юклатилди.

***

Гулистон шаҳридаги Дўстлик маданият уйида “Пандемия” бадиий фильмининг намойиши бўлиб ўтди. 

Тадбир Сирдарё вилоят ёшлар ишлари бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилди ва унда фаол ёшлар, маданият ходимлари ҳамда соҳа мутасаддилари иштирок этди.

Ушбу намойиш давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 6 мартдаги “Сирдарё вилоятида ишбилармонлик муҳити, инфратузилма ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш тўғрисида”ги қарори асосида ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” ижроси доирасида амалга оширилди. 

Кинематография агентлиги буюртмаси асосида Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда суратга олинган “Пандемия” бадиий фильмида 2020 йилда дунё бўйлаб тарқалган “COVID-19” пандемияси даврида мамлакатимизда юз берган синовли воқеалар, тиббиёт ходимларининг матонати ва халқ бирдамлигининг аҳамияти акс эттирилган. 

***

Ватан – бу шунчаки харитадаги ҳудуд эмас. У инсондаги ифтихор, хотирасида жонланган тарих, руҳида ҳаёт бўлган муҳаббат тимсолидир. Қачонки, бу туйғулар оппоқ қоғозга кўчса, ўқувчи қалбида миллий ғурур уйғонади, ватанга бўлган муҳаббат янада мустаҳкамланади.

Гулистон давлат педагогика институтида ташкил этилган “Менинг юртим” мавзусидаги эсселар танлови айнан ана шундай юксак маънавий мақсадларга хизмат қилади. 

Ушбу ижодий танлов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 20 январдаги 36-сонли қарори билан тасдиқланган чора-тадбирлар дастурининг 18-банди ижроси доирасида ўтказилди.

Мазкур танловда талабалар машҳур ота-боболаримиз, улуғ алломаларимиз ҳамда юртимиз маданияти ва унда бугунги кунда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларини ўз қарашлари орқали тасвирлашга ҳаракат қилдилар. Уларнинг ижодий ишларида юрт муҳаббати, миллий ифтихор, ватан тақдирига дахлдорлик руҳи устувор бўлди.

Танлов натижаларига кўра, 1-ўринни институт Ижтимоий гуманитар фанлар факультетининг талабаси Машҳура Искандарова қўлга киритган бўлса, 2 ва 3-ўринларга эса талабалар – Одинабону Раимова ва Чарос Жуманазаровалар сазовор бўлишди.

[gallery-23290]

Ғулом Примов, ЎзА мухбири