Кеча соат 22:08 да Сирдарё вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасига Гулистон шаҳрининг Дўстлик маҳалласидаги каналга автомашина тушиб кетгани ҳақида хабар келди.
Маълум бўлишича, “Оних” русумли автомобиль ҳайдовчи томонидан масофадан ўт олдирилган. Бироқ хавфсизлик чоралари кўрилмагани боис, автомашина мустақил равишда ҳаракатланиб, каналга тушиб кетган. Ҳодиса вақтида транспорт воситасида ҳеч ким бўлмаган.
Вазият юзасидан вилоят ФВБ қутқарувчилари зудлик билан воқеа жойига етиб боришди. Махсус техника ва қутқарув анжомлари ёрдамида автомашина каналдан чиқариб олинди.
***
Гулистон давлат педагогика институтида талаба-ёшлар ўртасида “Маҳмудхўжа Беҳбудий сабоқлари” мавзусида иншолар танлови ўтказилди. Мазкур танлов буюк маърифатпарвар, жадидчилик ҳаракати пешқадами Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг бой меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш, шунингдек, талабаларнинг адабий салоҳиятини ривожлантириш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирни Ўзбек тили ва тилларни ўқитиш кафедраси ўқитувчиси Шаҳноза Мусурмонқулова олиб борди. У иштирокчиларга иншо ёзишдаги услубий талаблар, тузилиш қоидалари ҳақида тушунча берди ҳамда Беҳбудийнинг ҳаёти ва ижоди, унинг миллий уйғониш ва маърифат тараққиётидаги беқиёс ҳиссаси ҳақида маълумотлар билан чиқиш қилди.
Танлов натижаларига кўра, учта юқори ўринни институт талабалари –Ҳамро Сафарова, Дилноза Маматқулова ҳамда Азиза Турдиева эгаллади.
***
Сирдарё туманида хотин-қизлар бандлигини таъминлашда пиллачилик муҳим воситага айланмоқда. Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова Сирдарё туманида бўлиб, аёллар бандлиги ва тадбиркорлик салоҳиятини оширишга қаратилган ташаббуслар билан танишди.
У дастлаб Ҳикматли маҳалласидаги марказлашган пиллахонага борди. Айни пайтда бу ерда 30 йилдан буён узлуксиз меҳнат қилиб келаётган ва соҳасининг тажрибали мутахассиси сифатида танилган Момохол опа раҳбарлигидаги гуруҳ фаолият кўрсатмоқда.
Момохол опа нафақат пилла етиштириш билан шуғулланади, балки ўз билими ва кўникмаларини ёшларга, айниқса, маҳалладаги хотин-қизларга сидқидилдан ўргатмоқда. Бундан ташқари, у маҳалланинг 10 нафар ишсиз аёли билан 80 қути пилла қуртини парваришламоқда.
Зулайҳо Маҳкамова пиллахонадаги фаолиятни юқори баҳолар экан, бу тажриба республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этилиши мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидлади. Шу билан бирга, у пиллачилик соҳасини янада ривожлантириш, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва бандликни кенгайтириш юзасидан аниқ тавсиялар берди.
[gallery-23095]
Ғулом Примов, ЎзА мухбири