Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарё вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
13:35 / 2025-03-15

Гулистон тиббиёт кластерида давлат тиббий суғуртасига оид Президент қарори ва унинг ижроси юзасидан семинар ўтказилди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 сентябрдаги «Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.  

Семинарда Гулистон тиббиёт кластери тиббиёт ходимлари, Давлат тиббий суғурта жамғармаси ва унинг Сирдарё вилоят ҳудудий бўлими мутахассислари иштирок этди.  

Семинарда, шунингдек, тиббий хизматлар бўйича янги электрон тизимлар ва онлайн платформалар орқали ахборот алмашинувини тезлаштириш, аҳолининг тиббий суғурта ҳақидаги билимларини оширишга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги таъкидланди.

***

Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникада сурункали бош мия қон айланиши етишмовчилиги, инсульт, инфаркт каби касалликлар билан касалланган беморлар учун бепул тиббий кўрик ташкил этилди. Унда Республика хирургик ангионеврология ихтисослаштирилган маркази директори ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори Ҳожиакбар Алижонов бошчилигидаги малакали мутахассислар иштирок этди.

Тиббий кўрик давомида 100 нафардан ошиқ сурункали бош мия қон айланиши бузилиши, юрак- қон томир касалликлари билан оғриган беморларнинг ҳолати ва бош мия қон айланиши билан боғлиқ муаммолар ўрганилди.

Кўрикдан сўнг оилавий поликлиника ва оилавий шифокорлик пунктининг шифокорлари, патронаж доялари ва бошқа мутахассислар учун “Сурункали бош мия қон айланиши етишмовчилигининг диагностикаси ва даволаш” мавзусида ўқув-семинар ҳам ташкил этилди.

Ўқув-семинарда сурункали бош мия қон айланишини аниқлаш ва уни даволашда замонавий диагностик усуллар, кардиология ва нейрохирургия соҳаларидаги янгиликлар ҳақида сўз юритилди.  

***

Гулистон политехникумига пресс-тур ташкил этилди. Тадбир давомида иштирокчилар таълим муассасасида яратилган шароитлар, ўқув жараёни ва ёшлар учун мавжуд қулайликлар билан яқиндан танишди.

Политехникумда ҳозир 619 нафар ёш  таълим оляпти. 51 нафар педагог кадр фаолият олиб бормоқда.

2024-2025 ўқув йилида таълим масканида 9 та касб йўналиши бўйича кадрлар тайёрланмоқда. Политехникумда тикувчи, автомобилларни таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш, автомобиль двигателларини ташхислаш ва таъмирлаш, тракторчи-машинист, агробизнес ва маркетинг агенти, ахборот воситалари машиналари ва компьютер оператори, электромонтёр, асаларичи ва чорвадор йўналишлари бўйича ўқувчилар билим олишмоқда. Бу соҳаларда малакали кадрлар тайёрланиб, туман иқтисодиётини ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда.  

Таълим жараёни 44 та махсус аудиторияда ўтказилади, шундан 16 таси ўқув амалиёт машғулотлари, 28 таси эса назарий дарслар учун мўлжалланган. Барча аудиториялар замонавий техника ва ускуналар билан жиҳозланган, ёшларнинг сифатли таълим олишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Политехникум кутубхонаси турли йўналишлардаги китоблар билан бойитилган ва замонавий компьютерлар билан жиҳозланган.

Ғулом Примов, Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат),

ЎзА мухбирлари