Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарё вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
19:44 / 2024-09-18

“Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг жорий йилги биринчи мавсумида Оқолтин туманидаги Бўстон маҳалласи аҳли якдилликда ички йўлларни асфальтлаш таклифини киритган ва якунда етарли миқдорда овоз тўплаб ғолиб бўлган эди.

Ташаббус амалий ҳаракатга айланиб, Оқолтин туманидаги Боғи Эрам, Жайхун ва Эзгулик кўчаларининг умумий узунликдаги 2730 метр ички йўллари асфальтланиб, текис ва равон бўлди.

[gallery-19336]

–“Ташаббусли бюджет” самарасида йўлларимиз равон бўлиб, маҳалламиз кўркига кўрк қўшилди.Табиийки, бундай қулайликлардан аҳолимиз жуда хурсанд. Амалга оширилган бундай лойиҳалар жамиятни бирлаштириш ва фуқароларимизни ўз маҳалласи ривожига жалб қилишда муҳим роль ўйнайди, – дейди маҳалла раиси Отабек Эсонбоев.  

***

Кадастр агентлиги Сирдарё вилояти бошқармасининг Гулистон шаҳар бўлими томонидан шаҳарнинг "Янги ҳаёт" МФЙ ҳудудида назорат тадбирлари ўтказилди. Назорат тадбири давомида Н. исмли фуқаро томонидан ҳеч қандай ҳуқуқий ҳужжатларсиз, ўзбошимчалик билан 400 кв. метр ер майдони эгаллаб олиниб, 50 кв.метрга молхона қуриб олиш ҳолати аниқланди.

Шундан сўнг ер қонунбузилишини содир этган шахсга тушунтириш ишлари олиб борилди ва ноқонуний қурилма фуқаро томонидан жойнинг ўзида бартараф этилиши таъминланмоқда.

***

Сардоба тумани ҳокимлиги ва туман тиббиёт бирлашмаси ташаббуси билан 21 нафар кореялик мутахассис туман тиббиёт бирлашмасига ташриф буюрди.

Ташриф доирасида туман тиббиёт бирлашмаси тиббиёт ходимлари билан тажриба алмашиб, аҳолининг соғлиқ билан боғлиқ муаммоларини чуқурлаштирган ҳолда ўрганишди.

Невропатолог, кардиолог, гинеколог, стоматолог, фтизиатр, педиатр каби тор соҳа мутахассислари ЭКГ, УТТ, бошқа диагностик ускуналардан фойдаланган ҳолда 710 нафар аҳолининг муаммосини ўрганиб, уларга зарур тавсия ва маслаҳатлар берди.

–Кореялик касбдошлар билан ўтказилган тиббий кўрикнинг нафақат аҳолига, тиббиёт ходимлари учун ҳам афзал жиҳати кўп,– дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Фахриддин Холматов.–Ташхислаш ва даволаш йўналишларида тажриба алмашилди.

***

Гулистон шаҳридаги "Алпомиш" спорт мажмуасида мини-футбол бўйича "Раҳбар кубоги" мусобақаси бўлиб ўтди.

Сирдарё тумани спорт мактаби Сирдарё вилояти Сув спорти турларига ихтисослаштирилган спорт мактабини 5:2 ҳисобда мағлуб этиб, "Раҳбар кубоги"га эгалик қилди. 2-ўрин Сирдарё вилояти сув спорти турларига ихтисослаштирилган спорт мактабига, 3-ўрин эса спортнинг Якка кураш турларига ихтисослашган спорт мактабининг Боёвут туманидаги спорт мактаби жамоасига насиб этди.

Раҳбар эркаклар ўртасида ўтган мусобақада Сирдарё туманидан ташриф буюрган спорт мактаби, аёллар ўртасида ўтган спортнинг волейбол тури бўйича мусобақада эса ғолибликни Сардоба тумани жамоаси қўлга киритди.

Ғулом Примов,

ЎзА мухбири