Сирдарё вилояти прокурори Савид Иматов Янгиер шаҳар Бинокор маҳалласида “Обод маҳалла” давлат дастури доирасида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларни ўрганди. Хусусан, Бинокор маҳалласидаги 1,3 км. узунликдаги йўлларни таъмирлаш, кам қувватли икки дона трансформатор ўрнига янгисини ўрнатиш, 30 та яроқсиз сим ёғочларни алмаштириш, Ал-Бухорий кўчасида 550 метр масофадаги пиёдалар йўлакчасини барпо этиш ҳамда уйларни ободонлаштириш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди.

* * *
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган. Шунга ҳужжатга биноан Гулистон давлат университети ҳамда Гулистон давлат педагогика институти билан Федерациянинг Сирдарё вилояти ҳудудий бирлашмаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда.

Ҳамкорликнинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида белгиланган мақсадларга эришиш, вазифаларнинг ўз вақтида самарали бажарилишини жамоатчилик назорати тартибида мониторинг қилишдир.
* * *
ФВВ масъул вакиллари Сирдарё вилояти ФВБ ходимлари билан биргаликда вилоят ҳудудидан оқиб ўтувчи Сирдарё дарёси қирғоқларининг ҳолати, муҳофаза майдонлари, шунингдек, Боёвут ва Гулистон туманлари ҳудудидан оқиб ўтувчи “Дўстлик” канали гидротехник иншоотларининг барқарор фаолият олиб бориши ўрганилди.

Кузатувлар давомида баҳор фаслидаги ёғингарчилик мавсумида мазкур сув хўжалиги объектларида сув тошқинлари билан боғлиқ ҳолатларни беталафот ўтказиб юборишни таъминлашга қаратилган тадбирлар амалга оширилгани қайд этилди. Шу билан биргаликда, масъулларга тегишли кўрсатма ва йўриқномалар берилди.
* * *

Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ва унинг туман ва шаҳар бўлимлари масъуллари томонидан жорий йилнинг икки ойи давомида воҳада мавжуд 297 та даволаш профилактика муассасасидан 80 тасида белгиланган тартибда санитария назорати олиб борилди. Назорат давомида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатмаган, санитария қоидаларига амал қилмаган 59 нафар ДПМ масъул ходимига 71 400 000 сўм маъмурий баённома расмийлаштирилди. 1 та ДПМ иш фаолияти вақтинча тўхтатилиб, 12 нафар тиббий ходимга ишдан четлатиш чоралари қўлланилди.
* * *

Юртимиздаги қишлоқ хўжалик экин майдонларига борувчи канал ва ариқларнинг катта қисми бетонлаштирилмаган. Шунинг ҳисобига улардан оқиб ўтувчи сувнинг ерга сизиб кетиши натижасида сарфи юқори бўлади. Бунинг олдини олиш мақсадида жорий йилги мавсум олдидан дала четидаги ариқлар ва каналларни бетонлаш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, вилоятнинг Сайхунобод туманида ўнг тармоқ-12 канали пудратчи “Zarafshon Golden Group” МЧЖ томонидан 11.1 километр ҳамда Шўразак канали Пудратчи ташкилот “Сувомбор қурилиш” МЧЖ томонидан 22 километр қисми бетонлаштирилмоқда.
Ш.Суяров,
ЎзА мухбири