Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарё вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
11:11 / 2023-09-09

Тўра Сулаймон номидаги Ёзги амфитеатр майдонида ёш спортчилар ўртасида кураш бўйича “Вилоят прокурори кубоги” мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Муросасиз беллашувларнинг якуний натижаларига кўра, 3-ўрин Оқолтин тумани ва Гулистон шаҳри терма жамоаларига, 2-ўрин вилоят терма жамоасига насиб этди. Вилоят ИИБ терма жамоаси эса мутлақ ғолибликни қўлга киритиб, “Вилоят прокурори кубоги” соҳибига айланди. Тақдирлаш маросимида ҳар бир жамоа аъзосига диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар берилди. Шунингдек, кубок эгаларига 20 миллион, иккинчи ўрин соҳибларига 10 миллион, 3- ўрин эгаларига 5 миллион сўм пул мукофотлари топширилди.

* * *  

Вилоят Ёшлар технопаркида ўзбек тилида сўзлаша оладиган “AI assistant” модули ишлаб чиқилди. Технопарк раҳбари Баҳодир Қўшиевнинг таъкидлашича, ушбу модул ўзбек тилида тўлиқ ва равон  гаплаша олади. Эндиликда бирор юмушни бажариш ёки маълумотларни топиш керак бўлса, “Siri”, “Alexa” ёки “Alisa”га эмас, “Texno AI”га ҳам мурожаат қилиш мумкин. Ҳозир Ёшлар технопарки жамоаси томонидан ушбу сунъий идрок устида  охирги тест ишлари олиб борилмоқда ва тез кунларда оммага тақдим этилади.  

* * *  

Сардоба тумани пахтакорлари машаққатлар эвазига етиштирилган қимматли саноат хом ашёсини тез ва соз йиғиштириб олишга  пухта ҳозирлик кўрган ҳолда ишга киришди. Сардоба тумани ҳокими Акмал Мирзаев бошчилигида сектор раҳбарлари пахтазорга кириб, нуронийлар ҳамроҳлигида теримни бошлаб берди. Жорий йилда туманда 2 та кластер ва 164 та фермер хўжалигининг 11 минг гектар ер майдонида ҳар гектаридан 33,5 центнердан, жами 36 минг 895 тонна пахта хом ашёсини териб олиш режалаштирилган. Пахтанинг давлат харид нархи ошгани деҳқонларни ҳам, теримчиларни ҳам бирдек руҳлантириб, шижоат билан меҳнат қилишга ундамоқда.  

* * *  

Сайхунобод  тумани Расул Бозоров фермер хўжалиги пахта майдонларида йиғим-терим мавсуми бошланди. Бугун йиғим-терим мавсумининг бошланиши рамзи ҳисобланган “Ҳосил карвони” тадбири бўлиб ўтди.

Жорий йилда тажрибали пахтакор Расул Бозоров фермер хўжалиги тасарруфидаги экин майдонларининг қарийб, 19,4 гектарига чигит экилган бўлиб, айни дамда плёнка остида парваришланган ғўзанинг 90 фоизи очилган.  

* * *  

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Сирдарё вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан “Давлат бошқаруви органлари фаолиятини “Халқ хизматидаги давлат” тамойили асосида ташкил этишнинг аҳамияти” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда вилоят ҳокимлиги, Адлия бошқармаси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамда Давлат бошқаруви академиясининг филиаллари, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибияти, вилоят Халқ қабулхонаси, сиёсий партиялар, “Юксалиш” ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.  

Ш.Суяров,

ЎзА мухбири