Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарё вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
18:59 / 2023-08-24

Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан Сирдарё вилояти Сирдарё туманидаги “Камолот” маҳалласида жойлашган “Чеҳра” ресторанида маҳалла бешлиги ҳамда ҳомий ташкилотлар ҳамкорлигида ижтимоий ҳимояга муҳтож 13 нафар болаларнинг суннат тўйлари ўтказиб берилди.

Байрам дастурхони атрофида болаларнинг яқинлари жам бўлди. Болаларга туман ҳокимлиги томонидан велосипедлар, ҳомийлар томонидан эсдалик совғалари тортиқ қилинди. Туман маданият бўлимининг санъаткорлари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчага яхши кайфият бағишлади.  

– Ёлғиз ўғлим Алишер бугун сарполар кийиб ўзи ёқтирган велосипедини миниб қайтмоқда. Унинг қувончдан порлаган чеҳрасига қараб, бундай ғамхўрликдан бошим кўкка етди. Фарзандларимизга қувонч улашган ҳукуматимиздан, Президентимиздан жуда миннатдор бўлдим, – дейди Т.Алимова.  – Ушбу тўй жажжи тўй болалар хотирасида яхшилик, меҳр-саховат рамзи сифатида бир умрга муҳрланиб қолди.  

***

Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.  

Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида ўтказилган тезкор тадбирда олдиндан кузатувга олинган шахс ўтирган “Lacеtti” автотранспорт воситаси тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди. Автомашина салонининг орқа ўриндиғида турган қоғоз қутидаги товуқлар тадбир иштирокчиларининг эътиборини тортди.  

Паррандалар остига буғдой кепаги билан яширин бўлма ҳосил қилинганлиги ва уларнинг ичига 241 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги фош бўлди. Мазкур қонун бузарлик ҳолати тезкор тадбир Наманган шаҳрида давом эттирилиб, фуқаролардан бирининг яшаш хонадони ва ёрдамчи хоналари кўздан кечирилди.  

Хонадонда истиқомат қилувчи шахс 1 дона қоғоз қутида 236 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаларини ўз ихтиёри билан тақдим этди. Иккала ҳолатда ашёвий далил сифатида олиб қўйилган, хорижда ишлаб чиқарилган, аммо сифатини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган жами 477 дона дориларнинг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 143 миллион сўмдан ошмоқда. Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилди.  

Ш.Суяров, ЎзА.