Уй-жойни яхшилаш учун қурилиш материаллари тарқатилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 мартдаги “Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги 145-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида яшовчи 14 нафар хотин-қизларга “Аёллар дафтари”нинг боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизларга уй-жойини яхшилаш мақсадида 25 донадан жами 350 та шифер, 8 дона уй эшиклари, жами 25 миллион 300 минг сўмлик қурилиш материаллари олиб берилди.



– Куз фаслининг ёғин-сочинли кунлари яқин. Уйимнинг томидан сув ўтиб туради. Туман хотин-қизлар бўлимига ёрдам сўраб бордим, – дейди олис “Баҳористон” МФЙ да яшовчи Башорат Раҳматова. – Менинг мурожаатим инобатга олиниб, уйимнинг томини таъмирлаш учун 25 дона шифер беришди. Бундай ғамхўрлик учун ҳукуматимиздан миннатдорман.
*****
Янги боғча болаларга ўз эшикларини очди. Сирдарё вилояти Боёвут туманининг “Бунёдкор” маҳалласида 34-сонли мактабгача таълим ташкилотининг янги биноси фойдаланишга топширилди. 120 ўринга мўлжалланган мавжуд маскан 3,5 миллиард сўм эвазига замонавий қиёфа касб этди. Боғчанинг тантанали очилиш маросимида вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси масъул ходимлари, туман ҳокимлиги мутасаддилари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Масканда замон талаблари даражасида тиббиёт хонаси, ошхона, ўқув хоналари, ётоқхоналар бунёд этилган. Шу билан бирга 12 та янги иш ўрни яратилган. Педагогларнинг самарали фаолият олиб боришлари учун эса барча шароитлар мавжуд. Болаларнинг ёши, қизиқиши ҳамда қобилиятидан келиб чиқиб, спорт, мусиқа, тил ўргатиш, расм тўгараклари йўлга қўйилиб, болажонларнинг иқтидорини янада ривожлантиришга эришилади.



–Маҳалламизда янги болалар боғчасини барпо этилиши барчани бирдек қувонтирди, – дейди Олим Жўраев. – Ёш авлодни эртанги порлоқ келажаги учун мана шундай кўркам боғчаларни қуриб бераётган ҳукуматимиздан миннатдормиз.
Ш.Суяров,
ЎзА