Сирдарё вилояти Гулистон тумани “Ибрат” маҳалласида яшовчи Акромжон Усмонов бундан етти ой муқаддам қориндаги шиш сабаб, олдинига туман, сўнгра вилоят тиббиёт муассасаси малакали мутахассисларга мурожаат қилди. Унга буйрак етишмовчилиги ташхиси қўйилди.
Бемор Гулистон тиббиёт кластерининг нефрология ва гемодиализ бўлимида даво муолажаларини олди. Даволаш жараёнлари ижобий натижа бермади. Сайёрахон Норқулова акасига бир буйрагини беришга қарор қилди. Шифокорлар хулосасидан сўнг, буйрак трансплантацияси билан боғлиқ жарроҳлик амалиёти амалга оширилди. Ушбу амалиёт Гулистон тиббиёт кластерида В.Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази шифокорлари томонидан муваффақиятли ўтказилди. Барча харажатлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳисобидан қопланди. Ҳозирда Акромжон Усмонов ва унинг синглиси Сайёрахон Норқулованинг саломатлиги яхши. Улар Гулистон тиббиёт кластерида шифокорлар назорати остида даво муолажаларини олмоқда.
**
Сирдарё вилоятининг Боёвут, Ховос, Сардоба, Мирзаобод, Оқолтин, Гулистон ва Сирдарё туманларида ғалла ўрим-йиғими бошланди. Жорий йилда сирдарёликлар 73 минг гектар майдонда бошоқли дон экинини парваришлаб, ундан 540 минг тоннага яқин ҳосил йиғиштириб олишни режалаштирган.
Ўрим-йиғим ишларини уюшқоқлик билан олиб бориш мақсадида 280 дан зиёд юқори унумли дон ўриш комбайнлари ва 843 ташиш техникалари жалб қилинган. Мавсум аввалида жойларда семинарлар ташкил этилди ва буғдойни қисқа муддатларда, нобуд қилмасдан йиғиштириб олишда кластерлар, фермерлар, комбайнчилар ва бу жараёнга масъул мутасаддилар олдида турган вазифалар белгилаб олинди.
Ш.Суяров,
Ш. Ортиқбоев, (сурат) ЎзА