Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарё вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
10:26 / 2023-05-04

Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманида "Янги ҳаёт" масжидининг янги биноси қурилишига тамал тоши қўйилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров, имом-хатиблар ва фаоллар иштирок этишди.

Жоме масжид пойдеворига тамал тошини қўйиш жараёнида муфтий ҳазратлари ушбу масжид мўмин-мусулмонлар учун зиё ва ҳидоят тарқатувчи, ёшлар маърифати юксалишида ҳисса қўшадиган даргоҳ бўлишини тилаб, дуолар қилди. Масжиднинг умумий майдони бир гектарни ташкил этади. Янги хонақоҳ ёнидаги айвонлари билан қўшиб ҳисоблаганда 5 мингдан зиёд одамни сиғдира олади. Зиёратга чиққан йўловчи аёллар учун ҳам 25 кишилик алоҳида намозхона қурилиши режалаштирилган. Лойиҳага кўра, масжидга 45 метрли миноралар ва баландлиги 20 метр, айланаси 10 метр бўлган гумбаз ўрнатилади.  

*****

Сардобада жиноий тўда жиноят устида қўлга олинди. 2023 йил 1 май куни Сардоба тумани ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида тумандаги “Қўрғонтепа” молбозорида Жиззах вилояти, Дўстлик туманида яшовчи фуқаро Б.С.нинг ён чўнтагидан 3 миллион 800 минг сўм пулларини Жиззах шаҳрида яшовчи фуқаролар Ш.Х, А.Ф. ва Р.Ғ.лар ўғирлаётган вақтида далилий ашё билан ушланган. Бундан ташқари, шу куни “Қўрғонтепа” мол бозорида Сардоба тумани ИИБ ходимлари томонидан тезкор тадбир давом эттирилиб, Тошкент вилояти, Пискент туманида яшовчи фуқаро Т.А.нинг эгнидаги шимининг ўнг чўнтагидан 10 миллион сўм пулларини Тошкент вилояти, Чиноз туманида яшовчи фуқаро Р.Б ва Андижон вилояти, Андижон шаҳрида яшовчи фуқаролар М.М ҳамда А.А.лар ўғирлаётган вақтида далилий ашё билан ушланган.

Сардоба тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ушбу жиноятни содир этган шахсларга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.  

*****

Сирдарё санъат ва маданият байрами оғушида. Гулистонда ўтадиган III Халқаро бахшичилик фестивалига тайёргарлик ишлари охирига етай деб қолди. Катта саҳнада байрамнинг очилишига бағишланган тантана учун сўнгги тайёргарлик ишлари давом этмоқда. Айни дамда вилоят мусиқали драма театри майдони, амфитеатр атрофида бутун Ўзбекистоннинг турли ҳудудларини, қадимий шаҳарлардаги тарихий обидалар ва миллий қадриятларимиз акс этган манзараларни кўриш мумкин. Қорақапоғистон Республикаси ва вилоятларнинг павильонлари байрамга хос тарзда безатилган.Бу ердаги кичик саҳналарда турли жамоалар ўз санъатини намойиш этмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси давлат филармонияси санъаткорлари ижросидаги қўшиқлар барчага хуш кайфият бағишлаб, Хоразм лазгиси томошабинларни рақсга чорламоқда. Самарқандлик бир гуруҳ йигитлар тарихий лавҳаларни акс эттиришмоқда. Кечадан бошлаб вилоят туманларида "Маданият карвони"доирасида эл ардоқлаган санъаткорлар, бахшилар аҳолини хушнуд этиш мақсадида кўнгилочар учрашувлар, концертлар ўтказмоқда. Сирдарёликлар яна бир тарихий санъат байрамини шоҳиди бўлмоқдалар.  

Ш. Суяров,

Ш.Ортиқбоев, ЎзА