“30 кун – ҳамкорликда одам савдосига қарши курашиш ойлиги” доирасида Сирдарё вилояти перенатал марказида тарғибот тадбири ўтказилди.
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси ҳамда вилоят суди ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир мамалакатмизда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилди.
Мулоқотда 2021-2022 йиллар давомида Сирдарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан одам савдоси жиноятига оид кўриб чиқилган жиноят ишлари, шунингдек чақалоқ савдоси билан шуғулланган ва воситачилик қилганларга нисбатан қўлланиладиган жазо турлари ҳақида маълумот берилди. Бундан ташқари тадбир давомида шахс чет давлатнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик органларига, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига хизматга кирганлиги Ўзбекистон фуқаролигини йўқотишга асос бўлиши, жиноят кодексининг 1541-моддасига асосан Ўзбекистон фуқаросининг чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга ёлланиши 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкинлиги тушунтирилди.
Шунингдек, тадбирда конституциявий ислоҳотларнинг аҳамияти, Референдум қонунчилиги мазмун-моҳияти юзасидан ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.

“Сирдарёда Киберхавфсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг мазмун-моҳиятига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
“Ўзкомназорат” Давлат инспекцияси Сирдарё вилояти ҳудудий инспекцияси, Ахборот технологиялар вазирлигининг ҳудудий бошқармаси ҳамда “Киберхавфсизлик маркази” ДУК билан ҳамкорликда Сирдарё вилояти ҳокимлигида “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг мазмун-моҳиятига бағишланган семинар ўтказилди. Унда вилоят ҳокимлиги, шаҳар ва туман ҳокимликлари, вилоятдаги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ва ташкилотларнинг раҳбар ва масъул ходимлари иштирок этди.

Семинар ташкил этилишидан асосий мақсад “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш ҳамда муҳим ахборот инфратузилмаси объектлари, ахборот тизимлари ва ахборот ресурсларининг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг заифликлари ва камчиликлари туфайли вужудга келиши мумкин бўлган салбий оқибатларини олдини олиш ҳамда камайтиришга қаратилган.

Сирдарё вилоятининг Ховос туманида жойлашган ташқи иқтисодий ва чегара божхона постларда прокуратура ходимлари иштирокида амалий ўқув-семинар ўтказилди.
Божхона ва прокуратура органлари ўртасида ҳуқуқубузарликларни олдини олиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Шундай тадбирлардан бири Сирдарё вилояти божхона бошқармаси тасарруфидаги “Ховос” ташқи иқтисодий фаолият ва “Ховособод” чегара божхона постларида ўтказилди.

Мазкур ўқув семинарда божхона органлари томонидан аниқланаётган ҳуқуқбузарлик ҳолатларини келиб чиқиш сабаблари, профилактик тадбирларни ўтказилиши ҳамда ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича процессуал ҳужжатларни расмийлаштируви юзасидан фикр алмашилди. Божхона соҳасига оид берилган саволларга божхона ходимлари томонидан атрофлича жавоб берилди. Божхона постида расмийлаштирув жараёни билан танишилиб, аниқланаётган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича юзага келаётган муаммолар юзасидан ҳамкорлик қилиниши бўйича келишиб олинди.

Сирдарё туманида вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан навбатдаги сайёр қабул ўтказилди. Маълумки, вилоят судида ҳафтанинг ҳар жума куни «Тадбиркорлар куни» деб эълон қилинган ва бунда судьялар томонидан вилоят тадбиркорлари билан мулоқотлар, ўқув семинарлари ва қабуллар ўтказилади.
Тадбирда тадбиркорларни ўйлантириб келаётган бир қатор масалалари ўрганилди. Шунингдек, Сирдарё туманидаги кичик саноат зонасида ўз тадбиркорлигини бошлаган ва бугун қатор масалаларга ечим излаётган тадбиркор Афруз Кенжаевнинг мурожаати эшитилиб, масала ҳудудга чиқилган ҳолда ўрганилди.

Тадбиркор мурожаатнинг асосли эканлиги ўз тасдиғини топгач, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси А.Раҳимов томонидан тадбиркор фаъолиятига тўсиқ бўлаётган масалаларга ечим топиш мақсадида вилоят ҳокимлиги ва мутассаддиларга йўлланма хати юбориладиган бўлди. Шунингдек, ўнга яқин тадбиркорларнинг оғзаки мурожаатлари қабул қилиниб, ишга оид ҳуқуқий ҳужжатлари ўрганилди.
Иқтисодий судлар билан ҳал бўладиган масалалар бўйича судга даъво аризаларини бериш тартиби ҳам тадбиркорларга тушунтириб ўтилди. Бу каби сайёр қабуллар бошқа туманларда ҳам ўтказилмоқда.

Ш. Суяров, ЎзА.