Сардоба туманида 61 нафар фуқаронинг маблағини қўлга киритган собиқ банк ходимлари аниқланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сардоба тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, АТ “Халқ банки” Сардоба филиали собиқ ходимлари А.М., Н.С., О.Т. ва бошқалар ўзаро тил бириктириб 54 нафар фуқаронинг хабардорлигисиз улар номига 1,2 миллиард сўм кредит ажратилишига эришиб, ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги, шунингдек, 7 нафар банк мижозлари томонидан кредит қарздорлигини сўндириш мақсадида топширилган 18 миллион сўм нақд пулни банк кассасига кирим қилмасдан шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборганлиги аниқланган.
Хабарга кўра, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
*****
Ўзбекистон Қаҳрамони Мирзааҳмат Шоимов Ширин шаҳри ёшлари билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Мирзааҳмат Шойимов ёшлик даври, меҳнат фаолияти, ҳаётидаги унутилмас хотиралар, муаммо ва қийинчиликлар ҳақида ёшларга гапириб берди.
–Меҳнат фаолиятим давомида "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвони, "Ўзбекистон энергетика фахрийси", "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 20 йиллик" эсдалик нишони, ҳамда "Олтин Юлдуз" медалларига лойиқ кўрилдим. Бу ютуқлар нафақат менга, балки Сирдарё ИЭСида мен билан елкама-елка меҳнат қилган ҳамкасбларимнинг ҳам меҳнатига берилган юксак баҳо деб биламан, – деди Ўзбекистон Қаҳрамони. –Азиз фарзандларим, доимо билим олиб, меҳнат қилишдан ҳеч қачон қочманг. Ҳалол меҳнатингиз, кун келиб ҳайратланарли натижалар беради.
Қизиқарли ўтган учрашувда Ўзбекистон Қаҳрамони Мирзааҳмат Шоимов ёшларга бадиий адабиётлар туҳфа этди.

*****
Департамент ҳамда ДХХ ходимлари субсидия асосида Гулистон тумани "Юлдуз" маҳалласидан уй олиб беришни ваъда қилган фирибгарни қўлга олди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Сирдарё тумани бўлинмалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро П.Й. фирибгарлик йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида, фуқаро Ш.Гга Гулистон тумани, "Юлдуз" маҳалласи ҳудудида қурилаётган кўп қаватли уйлардан бирини ҳокимиятда ишловчи танишлари орқали имтиёзли равишда субсидия асосида олиб беришини айтиб, эвазига 400 АҚШ доллари талаб қилиб, олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

*****
Ширин шаҳрида "Маҳалла-маънавият қўрғони" фестивали ўтказилди. Фестивал доирасида турли миллатларнинг урф-одатлари ва анъаналарига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Ширин шаҳар ҳокими Сарвар Султонов юртимизда ёшларнинг таълим-тарбия олиши, уларни миллий анъаналаримиз, урф-одатларимиз, бой маънавий-тарихий меросимиз асосида тарбиялаш давлат сиёсати даражасидаги муҳим масала эканлигини таъкидлади.
Тадбир давомида шаҳар ҳокими фан олимпиадасининг вилоят босқичида фахрли ўринларни қўлга киритиб, республика босқичига йўлланмани қўлга киритган 5 нафар ўқувчи ёшларни тақдирлади.
Фестивал давомида арқон тортиш, тош кўтариш, варрак учириш, топиб теп каби миллий халқ ўйинлари ва бошқа турли спорт мусобақалари ўтказилди.

*****
Сардоба туманидаги "Равот" маҳалласида “ХУМО” тўлов тизимида ишлайдиган банкомат ўрнатилди.
Наврўз байрами арафасида Марказий банк Сирдарё вилояти бош бошқармаси бошлиғи Валижон Тўраев Сардоба туманидаги “Равот” маҳалласида сайёр қабул ўтказган эди. Мазкур тадбирда маҳалладаги бир гуруҳ отахонлар пластик карточкадаги пенсия пулларини нақдлаштириш учун банкомат ўрнатиб беришни сўраган эди. Вилоят Марказий банки бош бошқармаси бошлиғи сайёр қабулнинг ўзидаёқ Халқ банки вилоят бошқармаси раҳбарига ушбу масала юзасидан топшириқ берди.
Топшириққа биноан, “Халқ банки” АТБ Сардоба филиали томонидан зудлик билан Равот маҳалласи биносига “ХУМО” тўлов тизимида ишловчи банкомат ўрнатилди. Энди маҳалла аҳли ўз пластик карталаридаги пул маблағларини туман марказига бориб ўтирмай ўзларининг маҳалласида янги ўрнатилган банкоматдан нақдлаштириб оладиган бўлди.

Ш.Суяров,
ЎзА мухбири