Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарё вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
11:46 / 2022-01-07

Ўзбекистон республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев ва Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Олимжон Файзибоев Сирдарё вилоятига ташриф буюриб, бозорлардаги нарх-наво, озиқ-овқат захираси ҳолати, аҳоли ва тадбиркорларга яратилган шарт-шароитлар, жамоат тартиби сақланиши, таътил вақтида вояга етмаган ёшлар ва уларнинг ота-оналари учун ташкил қилинган тўгараклар билан танишди.

Шунингдек, вилоят ҳокимлиги биносида ташкил қилинган тезкор штаб фаолияти билан танишиш мобайнида тегишли ташкилот ва мутасадди идора раҳбарларига зарур кўрсатмалар берилди.

Жиноятчиликнинг олдини олишга бағишланган тадбир ўтказилди

Сирдарё вилояти прокуратураси ва вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан Гулистон шаҳрида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида профилактик тадбир ўтказилди.

Унга муқаддам судланган, жиноят содир этишга мойил бўлган ва пробация ҳисобида турган жами 70 фуқаро жалб этилиб, уларнинг муаммолари тингланди.

Тадбирда, 15 нафар фуқаронинг мурожаатлари жойида ҳал этилиб, шундан 5 нафари ишга жойлаштирилди, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган 8 нафар фуқарога имтиёзли кредит ажратилиши юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

Шунингдек, оилавий шароити оғир, уй-жойга муҳтож 5 нафар фуқаро арзон уй-жойлар билан таъминлаш учун рўйхатга киритилди.

Тадбиркордан пул талаб қилган масъул қўлга тушди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Сирдарё тумани бўлимлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан тезкор тадбир ўтказилди. “K.U.” бошқарув сервис корхонаси мутахассиси Ш.А. Гулистон шаҳар “Янги ҳаёт” маҳалласидаги кўп қаватли уйлар олдидаги умумий майдонни таъмирлаш ишларини назорат ўлчовидан ўтказишда аниқланган камчиликларни кўрсатмаслик ва амалга оширилган ишларни 45 млн. сўмга ошириб кўрсатиш эвазига “K.S.” МЧЖ иш бошқарувчиси Р.дан 10 млн. сўм талаб қилиб, шундан 5 млн. сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28-, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

"Бустер" доза билан эмланганлар сони 4 700 нафардан ошди

COVID-19 коронавирус инфекциясига қарши курашиш ва тарқалишининг олдини олишда энг самарали, молиявий томондан арзон усули иммунизация, яъни аҳолини коронавирус инфекциясига қарши вакцина билан эмлашдир. Шу мақсадда, бугунги кунга қадар вилоятга жами олти турдаги 852 032 доза COVID-19 гa қарши вакцина келтирилди.

Маълумки, ўтган 2021 йилнинг 1 апрелидан бошлаб эмлаш тадбирлари ўтказиб келинмоқда.

Ўтган 2021 йил 17 ноябрдан бошлаб тўлиқ вакцина курсини олган фуқароларни (2 ёки 3 маротаба эмланганлар) "Бустер" доза билан ихтиёрий эмлаш бошланган эди.

"Бустер" доза олмоқчи бўлган аҳоли вилоятнинг барча даволаш профилактика муассасалари эмлаш пунктларида эмланиши мумкин.

Қишки таътил мароқли ўтмоқда

Вилоят мусиқали драма театрида умумтаълим мактабларида таълим олаётган 321 нафар мактаб "Ички назорати"га ҳамда 66 нафар профилактик ҳисобга олинган ўқувчилар учун "Падаркуш ёхуд ўқимаган боланинг аҳволи" деб номланган спектакл намойиш этилди.

Бу каби тадбирлар барча туманларда ташкиллаштирилмоқда.

  Аҳоли учун қулайлик

"Сирдарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси" АЖ вилоят бўйича 2020 йил давомида 125 дона янги трансформатор пунктлари ўрнатган бўлса, бу кўрсаткич 2021 йилда қарийб 2 баробардан кўпроқни ташкил қилди. 263 дона турли қувватдаги янги трансформатор вилоят аҳолисига сифатли электр энергияси етказиб бериш учун хизмат қилмоқда.

Шунингдек, Гулистон шаҳрида жойлашган «Марказ» подстанциясига 25 000 кВА қувватга эга бўлган йирик трансфоматор ўрнатилди. Ушбу трансформатор орқали Гулистон шаҳри ва Мирзаобод туманидаги 30 мингга яқин аҳоли истеъмолчилари ва 700 дан ортиқ тадбиркорлик субъектларига сифатли электр энергияси етказиб берилади.

Ш.Суяров, Ф.Тошматов(сурат), ЎзА