Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарё вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
12:00 / 2021-11-24

Халқаро эътироф

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги мутасаддилари ҳамда Массачусетс Технология институти директори Вижай Кумар Сирдарё вилоятдаги Ҳалима Худойбердиева номидаги мактаб-интернатида бўлишди.

Ташриф давомида ўқувчилар учун яратилган шароитлар – ўқув ва лаборатория хоналари, Ҳалима Худойбердиева музейи, қишки боғ, тўгарак хоналари билан танишилди. Ўқувчилар билан инглиз тилида мулоқот қилинди.

Гулистонда қиймати 1,2 миллиард сўмлик тикув фабрикаси иш бошлади

Гулистон туманининг “Олтин водий” маҳалласида лойиҳа қиймати 1 миллиард 200 миллион сўм бўлган корхона филиалининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ҳозирда филиалга 600 миллион сўмлик тикув машиналари ва бошқа ускуналар ўрнатилган. Келгусида яна 400 миллион сўмлик ускуналар келтирилиши режалаштирилган.  

Филиал ишга тушиши асносида маҳалладаги 80 нафар хотин-қиз доимий ишга эга бўлди.

Корхонанинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев иштирок этди.

Янги "Истироҳат боғи"нинг қурилиш ишлари бошланди

Гулистондаги "Ибрат" маҳалласи ҳудудида янги "Истироҳат боғи”нинг қурилиш ишлари бошланган. Вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев мазкур боғ лойиҳаси ва дастлабки қурилиш ишлари билан танишди.

Бу ерда қарийб 1,10 гектар майдонда ландшафтли боғ, фавворалар, маданий-оммавий тадбирлар учун майдон ва саҳна, 300 ўринли амфитеатр, 10 дан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш объекти, болалар ўйингоҳи, аттракционлар ўрин олиши кўзда тутилган.

Боғ 2022 йилнинг Наврўз айёми арафасида фойдаланишга топширилади.

Урология клиникаси иш бошлади

Гулистонда янги технология имкониятларидан фойдаланган ҳолда жарроҳлик усулида даволашга ихтисослашган "Аброр урология клиникаси" иш фаолиятини бошлади.

Клиника "Саноат қурилиш банк"дан олинган 2 миллиард сўм, шифокорнинг 7 миллиард сўм пул маблағи ҳисобига 50 ўринга мўлжалланди.

Натижада 3 нафар олий тоифали уролог, 23 нафар ўрта тиббиёт ходимининг бандлиги таъминланди. Клиникага хорижий давлатлардан замонавий даволаш, ташхис қўйиш учун мўлжалланган дефибриллятор нефроскоп, резентоскоп, СКМ ренген, УЗИ каби тиббий аппаратуралар келтирилди.

Клиника раҳбарининг айтишича, келгуси йилда Қирғизистон Республикасининг Ўзган шаҳрида ҳамда Қозоғистон Республикасининг Чимкент вилоятида урологияга ихтисослашган клиника очиш режаси ҳам бор.

 

Шуҳрат Суяров, Фурқат Тошматов (сурат), ЎзА