Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарё вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
20:58 / 2021-06-09

“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури ижроси доирасида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Сирдарё вилоят бўлими ташаббуси билан вилоят ҳокимлиги, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳамкорлигида Янгиер шаҳри ва Сирдарё туманидаги “Мурувват” ногирон аёллар учун интернат уйларида яшаётган хотин-қизлар ҳолидан хабар олинди.

Тадбир доирасида фонд томонидан даволанувчиларга шахсий гигиеник, антисептик воситалар ва ниқоблар тақдим этилди.

– Меҳр-мурувват бу – биз бир-биримизга беришимиз зарур бўлган энг муқаддас туйғу, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бошқарув раиси Баҳодир Тўхтасинов. – Руҳан соғлигини йўқотган инсонларга эътибор кўрсатиш билан уларни дардларига малҳам бўлиш ва уларга қувонч бағишлаш мумкин ва бу ҳар биримизнинг қўлимиздан келади.

***

Истиқлолнинг 30 йиллиги олдидан Гулистон тумани “Соҳилобод” маҳалла фуқаролар йиғинининг замонавий лойиҳалар асосида барпо этилган янги биноси қуриб, фойдаланишга топширилгани, шу ҳудудда яшовчи 1 минг 680 оилага ажойиб байрам туҳфаси бўлди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ў.Абдиев ва туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Ш.Хушмуратов иштирок этиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда маҳалла институти фаолиятини янада ривожлантириш, уни энг халқчил тузилмага айлантириш борасида қатор ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Айни пайтда, Гулистон туманида 13 та маҳалла фуқаролар йиғини янги биноларига эга бўлди.

***

Сирдарё вилоят ички ишлар бошқармасида Президентимизнинг 2017 йил 29 ноябрдаги “Ички ишлар органлари кадрлари билан ишлаш ва уларнинг хизматини ташкил этиш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида шахсий таркибни ижтимоий ҳимоя қилиш ва ходимларнинг муҳофазасини кучайтириш мақсадида, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тўлақонли англаб, зиммаларидаги хизмат вазифаларини виждонан бажариб, ички ишлар органларининг халқ орасидаги обрўсини оширишга сидқидилдан ўз ҳиссаларини қўшганликлари, билим савияси ва касбий тайёргарлиги билан ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келаётган ички ишлар органлари таркибий тузилмалари, ҳудудий бўлинмаларининг 17 нафар ходими пул мукофоти билан рағбатлантирилди.

Шунингдек, ўзининг фуқаролик бурчини бажариб, фуқаролар орасида ички ишлар органлари ходимларига нисбатан бўлган ишончнинг мустаҳкамланишига муносиб ҳиссасини қўшган фуқаро Сардорбек Ўрозов вилоят ИИБнинг ташаккурнома ҳамда қимматбаҳо совғаси билан тақдирланди.

***

“Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида Сирдарё тумани ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши томонидан битирувчи ўқувчилар учун мотивацион ўқув-семинари бўлиб ўтди.

– Олий таълим муассасаларига кириш тестлари олдидан ташкил қилинган ушбу семинар биз ўқувчилар учун катта мотивация бўлди, – дейди Чарос Шодмонқулова.

Лойиҳа якунида фаол иштирок этган ёшлар эсдалик совғалари билан тақдирланди.

***

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 20 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида – Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармаси Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ҳамда унинг жойлардаги бўлинмалари томонидан жорий йилнинг 1 январь кунидан бошлаб аҳолига ID-карталар расмийлаштириб берилмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 31 май кунига қадар 12 минг 97 нафар шахсга ID-карталар расмийлаштирилиб, тантанали равишда топширилди.

Эслатиб ўтамиз, янги тартибга кўра, фуқароларни ID-карталар билан ҳужжатлаштиришнинг биринчи босқичи – 2021 йил 1 январидан 2022 йил 31 декабригача, ихтиёрий равишда, иккинчи босқич – 2023 йил 1 январдан 2029 йил 31 декабргача мажбурий тартибда алмаштирилиши белгиланган.

Шунингдек, ID-картани расмийлаштириш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 89 фоизи, яъни 218 минг 50 сўм миқдорида давлат божи ундирилади.

 ***

Боёвутлик депутатлардан ташкил топган футбол жамоаси – Тошкент шаҳрида ўтиши белгиланган “Парламент мусобақалари”нинг финал босқичида иштирок этади.

Халқ депутатлари Боёвут туман Кенгаши депутатларидан ташкил топган футбол жамоаси футзал бўйича “Парламент мусобақалари” доирасида Сирдарё вилояти босқичида барча туман ва шаҳар депутатлар жамоалари устидан ғалаба қозониб, республика ҳудудий босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган эди.

Куни кеча Жиззах шаҳрида “Парламент мусобақалари” турнири доирасида республика ҳудудий босқичи беллашувлари бўлиб ўтди. Боёвут туман Кенгаши депутатларидан ташкил топган футбол жамоаси жиззахлик депутатларни 6:2 ҳисобида доғда қолдириб, Тошкент шаҳрида ўтказилиши кутилаётган “Парламент мусобақалари”нинг якуний босқичига йўлланма олди олди.

***

Гулистон давлат университетида “Тил маркази” ташкил этилди

2021 йил 19 майдаги “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори ижросини таъминлаш мақсадида Гулистон давлат университетида “Тил маркази” ташкил этилди.

Ушбу марказда чет тили фанлари ўқитувчиларининг халқаро сертификатга эга бўлиши ва шу орқали таълим сифатини яхшилаш мақсадида Сирдарё вилоятидаги барча мактабларда инглиз тили ўқитувчилари учун 3 ойга мўлжалланган муддатли устама ва халқаро сертификатлар олишга тайёрлов курслари ташкил этилди.

Университет қошида очилган ушбу “Тил маркази”да инглиз, немис, корейс ва рус тилидан ўқув курслари ташкил этилди. Бу ерда ҳар бир тингловчи ўзи истаган даражада тил кўникмаларига эга бўлиши мумкин. Ҳар қандай соҳа мутахассислари хорижий тилларда мулоқот қилиши, иш фаолиятини хорижий тилда эркин олиб бориши, хорижий ва миллий сертификатларни тез ва осон қўлга киритиши учун зарур шарт-шароит, билим ва тажриба кафолатланади.

***

Тез кунда IT-Парк Сирдарё вилояти аҳолиси учун янги “Tumaris Edu” лойиҳасини бошлайди.

“Tumaris Edu” – 16 ёшдан 35 ёшгача бўлган аёлларни ахборот ва коммуникация технологияларига ўргатиш, уларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш ва рақобатбардош IT-лойиҳаларни амалга оширишда аёлларни босқичма-босқич ўқитишга қаратилган лойиҳадир.

Дастлабки босқичда лойиҳа Сирдарё вилояти аҳолиси орасида юқори малакали мутахассисларни ахборот технологиялари, дастурлаш ва инглиз тили ўқув дастурлари бўйича тайёрлайди.

Ушбу лойиҳа ташаббускорлари ва ташкилотчилари – Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, IT-Парк, шунингдек, Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳисобланади.

А.Қаюмов, Ф.Тошматов (сурат) ЎзА