Сирдарё ҳокими Ғофуржон Мирзаевнинг қарорига мувофиқ – жорий йилнинг 15 мартидан 15 апрелига қадар вилоятда “Оила маънавияти” ойлиги ўтказиладиган бўлди.
Ушбу ойлик давомида амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси ҳам тасдиқланган бўлиб, унга кўра, ойлик давомида амалга ошириладиган тадбирлар ёшлар тарбияси билан бевосита боғлиқ бўлган барча таълим-тарбия муассасаларида ташкил этилади.
Мазкур қарорга асосан, мактабгача таълим ташкилотларида “Менинг кичик Ватаним” танлови, “Отам, онам ва мен – биз спортчи оиламиз!” спорт мусобақалари, “Бахтли оила” мавзусида ота-оналар иштирокида мулоқот кечалари бўлиб ўтади.
Маҳаллалар ўртасида эса “Менинг қишлоғим тарихи”, “Энг намунали хонадон” танловлари ташкил этилиши ва жорий йилнинг 1-10 апрель кунлари мобайнида “Энг яхши китобхон оила” кўрик-танлови ўтказилиши, шунингдек, ҳар шанба куни музей, театр ва кинотеатрларга оилавий ташрифлар куни сифатида белгиланди.
***
Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббуснинг тўртинчиси, яъни ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш йўналиши бўйича республика Маънавият ва маърифат маркази Оқолтин туман бўлинмаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман кенгаши ва туман ахборот ресурс маркази ҳамкорлигида ҳудуддаги юқори синф ўқувчилари иштирокида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан уюштирилган тадбирда ёшларни турли зарарли оқимлар таъсиридан ҳимоя қилиш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, бўш вақтларини мазмунли ўтказишларини таъминлаш, 2021 йилда Оқолтин туманида ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш чора-тадбирлар дастурининг ижроси доирасида “Жаҳолатга қарши маърифат”, “Диний мутаассиблик”, “Ислом маърифати ва ҳозирги замон”, “Диний экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг маънавий-маърифий асослари”, “Диний бағрикенглик ва мутаассиблик”, “Илмдан бошқа нажот йўқ”, “Ислом ниқоби остидаги экстремистик ва террорчи уюшмалар” ҳамда “Миссионерлик: моҳият, мақсадлар, оқибатлар ва олдини олиш йўллари” каби 8 номдаги китоблар тақдимоти ўтказилди.
Эътиборли жиҳати, тумандаги мактаб кутубхоналари ва маҳалла фуқаролар йиғинларига 8 номдаги ушбу китобларнинг 320 донаси тарқатилди.
***
Наврўз умумхалқ байрами арафасида Гулистон тумани ҳокимлиги томонидан “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида юз нафар “Темир дафтар”га киритилган оилага минг дона товуқ берилди.
Бепул тарқатилган бу товуқлар учун 2 ойга етадиган дон-дун маҳсулотлари ҳам қўшиб берилди.
– Товуқ - 7 хазинанинг бири, деб халқимиз бежизга айтмаган экан, – дейди гулистонлик Мастура Абдурахманова. – Вақтида дон-сувини бериб турсангиз бас, ҳар куни тухум бериб туради. Уйда ўтириб ҳам даромад қилиш имконияти берилганидан хурсандмиз.
[gallery-1557]
***
Сардоба тумани ҳокими, 1-сектор раҳбари Абдуазим Хидиров раҳбарлигидаги ишчи гуруҳи томонидан Бирлик маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи “Ёшлар дафтари”га киритилганларнинг 40 нафарига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириши учун 0,5 гектардан, жами 20 гектар экин майдони ажратилиб, шу ерга эгалик тўғрисидаги сертификатлар ҳам топширилди.
– Туманимиздаги Шароф Рашидов номли сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудидан менга ажратиб берилган 0,5 гектар ерга: ошқовоқ, картошка, сабзи ва мош экмоқчиман, – дейди Бирлик МФЙда истиқомат қилувчи Ғуломжон Саидбоев. – Ҳам ерли бўлдик, ҳам оила аъзоларимиз билан биргаликда бандлигимиз таъминланди. Оилавий бюджетимизни мустаҳкамлаш, оиламизни таъминлашимиз учун биз, ёшларга имконият яратиб берилди.
***
Гулистон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Давлат Активларини бошқариш агентлиги ва “Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази” Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармалари ҳамкорлигида “Тадбиркор – бош ислоҳотчи” мавзусида амалий семинар ташкил этилди.
Унда, иштирокчиларга “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази” давлат унитар корхонасининг “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончаси орқали, бўш турган бино иншоотлар ва ер майдонларини ижарага бериш, савдога чиқариш, ер участкаларидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритиш борасидаги ҳуқуқий билимлар берилди.
Тадбирда семинар иштирокчиларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берилди.
***
Марказий банк Сирдарё вилояти бош бошқармаси ходимлари учун компьютер саводхонлигини ошириш мақсадида ўқув курслари ташкил этилди.
Бу ҳақда Сирдарё вилояти ахборот технологиялари ва коммуникациялари ҳудудий бошқармаси хабар берди.
“IT center” рақамли технологиялар ўқув маркази Гулистон шаҳар филиалида компьютер саводхонлигини ошириш мақсадида ташкил этилган ушбу ўқув курслари давомида, “Марказий банк” ходимларига электрон усулда амалга ошириладиган банк операциялари, операция жараёнларини марказлашган тизим ва интернет тармоғи орқали амалга ошириш ва бошқа компьютер саводхонлиги билан боғлиқ билимларини ошириш назарда тутилган.
***
Сирдарё вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ташаббуси билан Янгиер шаҳар болалар-ўсмирлар спорт мактабида ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишни ташкил этиш мақсадида Наврўз умумхалқ байрами шарафига мактаб ўқувчилари ўртасида спортнинг волейбол тури бўйича вилоят биринчилиги беллашувлари бўлиб ўтди.
Муросасиз ва кескин курашлар остида ўтган мусобақада Гулистон шаҳридаги вилоят олимпия захиралари коллежи ўқувчилари жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Гулистон тумани ва Янгиер шаҳар БЎСМлари жамоаларига мос равишда 2- ва 3-ўринлар насиб этди.
Байрам олди ўтказилган мусобақа ғолиб ва совриндорларига диплом, медаллар ва эсдалик совғалари топширилди.
А.Қаюмов, Ф.Тошматов(сурат), ЎзА