Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарё вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
12:54 / 2021-02-01

Жиноят ишлари бўйича Оқолтин тумани суди биносида ўтказилган судда Оқолтин туман ИИО Пробация гуруҳида жазо муддатини ўтаётган назорат остидаги шахсларнинг ишлари кўриб чиқилди.

Жумладан, Оқолтин туман ИИО Пробация гуруҳи ҳисобида ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган назорат остидаги 2 нафар шахс Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли равишда озод этилди.

Ўтказилган суд жараёнида назорат остидаги шахсларни Оқолтин тумани прокурор ёрдамчиси М.Бўронов томонидан жазо муддатидан илгари шартли озод этилган назорат остидаги шахсларни келгусида қайта жиноят содир этса, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 60-моддасига асосан жавобгарлик масаласи тушунтириб ўтилди.

***

Сирдарё вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасида оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ва блогерлар иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.

Анжуманда экология, атроф-муҳит муҳофазаси, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш соҳасида давлат бошқарувини амалга ошириш, маиший чиқиндиларни тўплаш, ташиш, қайта ишлаш, утилизация қилиш ва кўмиш ишларининг самарали тизимини ташкил этиш, ер ости бойликлари, сув, ўрмонлар, қўриқланадиган табиий ҳудудлар, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш, соҳа мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасидаги 2020 йилда амалга оширган ишлари тўғрисида маълумотлар берилди.

***

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ва “маҳаллабай” ишлаш тизимини давом эттириш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг ўринбосари Б.Парпиев, Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Президентнинг вилоятдаги Халқ қабулхонаси, фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари ва тумандаги сектор раҳбарлари бирлагикда Сирдарё туманининг энг олис ва оғир ҳудудларидан бири бўлган Истиқбол маҳалла фуқаролар йиғинига ташриф буюрди.  

Бу ерда яшовчи кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларга моддий ва маънавий кўмак берилиб, уй-жойлари тартибга келтирилди, заруратга қараб керакли дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланди ҳамда аҳоли хонадонларида мавжуд бўлган, ҳал қилиниши кечиктириб бўлмайдиган фавқулодда вазиятлар ва ёнғинларни келтириб чиқариш, ис газидан зарарланиш хавфини пайдо қилувчи камчилик ва қоида бузилиш ҳолатлари бартараф этилди.

***

“Соғлом авлод учун” Халқаро хайрия фонди Сирдарё вилояти филиали ва вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ходимлари ҳамкорликда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасида фаолият юритаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этди.

Тиббий кўрик жараёнида юрак-қон томири босими, бронхиал астма ва нафас йўллари, ошқозон-ичак тракти, эндокрин тизим, юқори нафас йўллари соҳаларида кечаётган патологик ўзгаришлар ўрганилиб, сурункали касаллиги борларга даволаниши учун зарур тавсиялар берилди ҳамда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди вилоят филиали томонидан бепул дори-дармонлар улашилди.

– “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да вилоят соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари билан ҳамкорликда яна қатор лойиҳаларни ўтказишни режалаштирганмиз, – дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Сирдарё вилояти филиали раҳбари, олий тоифали шифокор Юлдуз Усмонова. – Бу тадбирларимиз давомида воҳамизнинг энг чекка қишлоқ ҳудудларига бориб, патронаж биргадамиз аҳолини бепул тиббий кўриклардан ўтказади ва саломатлик кўрсаткичларини ўрганиш баробарида уларга амалий ёрдам берибгина қолмай, фондимиз ҳисобидан бепул витамин комплекслари, зарур дори-дармонларни тарқатамиз, фуқароларимиз саломатлигини мустаҳкамлаш учун имкониятимиз даражасидаги барча ёрдамларни кўрсатамиз. Бу эса бизнинг бош мақсадимиздир.

***

Сирдарё виолоятидаги барча туман ва шаҳарлар секторлари раҳбарлари томонидан ўз ҳудудларидаги умумтаълим мактабларида мусиқа тўгараклари тўла қонли фаолият юритиши учун барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилиши режалаштирилди.

Жумладан, Сирдарё тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи, 4-сектор раҳбари И.Ҳасанов ҳамда туман молия бўлими мудири Ш.Ҳакимовлар тумандаги 12-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабига ташрифи давомида мактаб фаолияти, синф хоналарнинг жиҳозланганлиги ҳамда дарс ўтиш жараёнлари билан яқиндан танишди.  

Шунингдек, мактаб директори К.Эргашева билан тумандаги умумтаълим мактабларида ёшларга мақом санъатини ўргатиш учун барча зарурий чолғу жиҳозлари билан таъминлаш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди.

***

Ховосда табиий офат туфайли етказилган талофатни бартараф этиш ишлари ниҳояланмоқда.

Ховос тумани Пахтакор маҳалла фуқаролар йиғинидаги 2 қаватли уйнинг том қисми жорий йилнинг 30 январь куни тахминан соат 13:30ларда кучли шамол таъсири оқибатида ушбу турар жойнинг том қисмига жиддий зарар етганди.  

Айни пайтда ушбу бинонинг том қисми қайта таъмирланмоқда. Унга Сирдарё вилояти “Таъмирлаш-тиклаш” давлат унитар корхонаси, “Бошқарув сервис” компанияси қурувчилари ҳамда маҳаллий усталар жалб қилинган.  

***

Гулистон шаҳридаги “Динамо” спорт мажмуасида Сирдарё вилоятидаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўртасида спортнинг шахмат тури бўйича жамоавий ва якка тартибдаги мусобақалар бўлиб ўтди.  

Мусобақада Миллий гвардия қўмондонлиги вилоят бошқармаси, вилоят давлат хавфсизлик хизмати, чегара қўшинлари, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар ва божхона бошқармалари ҳамда ҳарбий қисмлардан жами 24 нафар ҳарбий хизматчилар иштирок этди.  

Муросасиз кечган спорт мусобақасининг жамоавий баҳсларида 1-ўринни вилоят божхона бошқармаси тизими жамоаси қўлга киритган бўлса, 2 ва 3- ўринларни мос равишда вилоят давлат хавфсизлик хизмати бошқармаси ҳамда Миллий гвардия қўмондонлиги вилоят бошқармасидан шакллантирилган ҳарбий-шахматчилар жамоалари эгаллади.  

Якка тартибдаги баҳсларда “Сирдарё” чегара божхона пости Коррупцияга қарши курашиш ва ўз хавфсизлиги гуруҳи катта тезкор вакили Умид Шодмонқуловга тенг келадиган рақиб топилмади.  

Мусобақа ғолиб ва совриндорлари ташкилотчиларнинг диплом, медаллар ҳамда спорт формалари билан тақдирланди.

 

А.ҚАЮМОВ, Ф.ТОШМАТОВ (сурат), ЎзА