Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида жорий йилнинг 6-8 май кунлари халқаро бахшичилик санъати фестивали ўтказилади. Фестивалнинг аввалгиси Нукус шаҳрида бўлиб ўтган эди.
Бахши – терма, қўшиқ ва достонларни сақловчи, ёддан куйловчи, айтувчи, авлоддан-авлодга етказувчи санъаткор, халқ достончисидир. Унинг ширали овози, дўмбирасидан таралаётган куй инсон қалбини ҳаяжонга солади. Бахшичилик санъати Ўзбекистон Республикаси томонидан репрезентатив рўйхатга киритилган номоддий маданий мероснинг олтинчи элементи бўлди. Бунга қадар ушбу рўйхатдан “Бойсун тумани маданий макони”, “Катта ашула”, “Аския”, “Палов маданияти ва анъаналари” ва “Лазги” ўрин олган эди. Бундан ташқари, Ўзбекистон бошқа давлатлар билан ҳаммуаллифликда “Шошмақом”, “Наврўз” ва “Миниатюра санъати” номинацияларини илгари суришда иштирок этди.
Бахши жонли халқ тилининг турли шаклларидан, сўз ўйинлари ва қочирмалар, халқ мақоллари ва иборалардан унумли фойдаланади. Масалан, Пўлкан шоир етмишдан ортиқ достонни ёддан билган. Ҳар бир достон икки-уч минг сатр, ўн-ўн беш, ҳатто йигирма минг мисрагача шеърни, қарийб шунча назм қисмни ҳам ўз ичига олишини ҳисобга олсак, халқ бахшиларининг салоҳияти, ҳайратомуз ёдлаш ва эсда сақлаш қобилияти, ижод қилиш қудрати ўз-ўзидан аён бўлади. Ўзбекистон халқ бахшилари Бола бахши Абдуллаев, Шоберди Болтаев, Абдуназар Поёнов, Боборайим Маматмуродов, Қора бахши Умиров, Шомурод Тоғаев ва бошқалар бетакрор ижролари билан бахшичилик санъати ривожига муносиб ҳисса қўшди. Юртимизнинг Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида бахшичилик санъати кенг ривожланган. Ҳозирги кунда Булунғур, Қўрғон, Шаҳрисабз, Қамай, Чироқчи, Деҳқонобод, Шеробод, Бойсун, Хоразм ҳамда Қорақалпоқ достончилик мактаблари мавжуд. Улар бир-биридан ижро усуллари ва репертуарлари билан фарқ қилади.
Сирдарёда ҳам ўзига хос бахшичилик мактаби бор. Буни Гулистон туманидаги Гулмуродовлар сулоласи мисолида айтиш мумкин. Саидмурод Гулмуродов кўп йиллардан буён шу йўналишда ижод қилиб келади. Эндиликда эса унинг ўғли Дилмурод Гулмуродов ота изидан бориб, Сирдарёда бахшичиликни ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда. Дилмурод болалигидан отаси билан вилоят ва республика миқёсидаги турли тадбирларда, нуфузли танловларда иштирок этди, катта саҳналарга ўз санъатини намойиш этди. Бундан бир неча йил аввал у Сурхондарёдаги “Бойсун баҳори” ва бошқа нуфузли санъат фестивалларида қатнашиб “Энг ёш бахши” номинацияларига сазовор бўлган. Айни пайтда унинг ҳам ўз шогирдлари бор. Кейинги пайтда мусиқа ва санъат мактабларида ҳам ушбу йўналишда болаларга сабоқ берилмоқда. Демак, Сирдарё бахшчилик мактаби давом этмоқда.
Айни кунларда халқаро миқёсдаги фестивалга тайёргарлик кўриш ишлари ниҳоясига етмоқда. Кутилаётган иштирокчилар, меҳмонлар бирин-кетин етиб келмоқда. Мазкур санъат байрамида бахшилардан ташқари 37 та ҳаваскорлик жамоалари ҳам қатнашиши режалаштирилган.
Шуҳрат Суяров, ЎзА