Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарё вилояти: рақамлар ислоҳотлар кўламини ифодалайди
11:04 / 2024-03-14

Давлатимиз раҳбари 2023 йилнинг 7 апрель куни Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида бир қатор истиқболли лойиҳалар билан танишиб, вилоятда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларини кенгайтириш, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини жадал ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш юзасидан аниқ топшириқларни белгилаб берган эди.

Хўш, орадан ўтган бир йилда қандай ишлар амалга оширилди? Бу саволга жавоб излаб, иқтисодиёт идораларининг маълумотномаларига эътибор қаратдик.

Вилоятда ўтган йили ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 21 триллион 549,9 миллиард сўмни ташкил этиб, бу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 5,9 фоизга ўсди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 7,1, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 6,4, қурилиш ишлари ҳажми 7,9, чакана савдо айланмаси 7, капитал қўйилмалар ҳажми 13,9, хизматлар ҳажми 10,9, ташқи савдо айланмаси 4,4 фоизга ошди.

2023 йилда инвестиция лойиҳалари доирасида вилоятда умумий қиймати қарийб 4 миллиард 808 миллион долларга тенг 948 та лойиҳа амалга оширилди. Бунда тўқимачилик, саноат, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳалари салмоқли ўрин эгаллади. Мазкур лойиҳаларни ишга тушириш ҳисобига 16 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди.

Янгиер шаҳридаги “Eco Wood Plyus” МЧЖда умумий қиймати 10 миллион долларлик ДСП ва акрил пластикли МДФ ҳамда мебель ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилиб, 110 та янги иш ўрни яратилди. Вилоятда жами 332 миллион долларлик, шундан 296,3 миллион долларлик саноат, 35,7 миллион долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинди.  Экспорт фаолиятига 185 та корхона жалб этилган бўлиб, улардан 123 таси саноат, 62 таси мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга оширди. Вилоят ҳудудий экспортининг асосий қисми, яъни 43,3 фоизи ун маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келди. Тўқимачилик соҳасида тайёр маҳсулотлар экспорти улуши эса 6,6 фоизга етказилди. Маҳсулотларнинг энг кўп экспорти Хитой, Россия, Туркия, Қозоғистон, Афғонистон давлатлари ҳиссасига тўғри келди. 

Сўнгги йилларда кўплаб янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди. Хусусан, Сирдарё туманидаги “Asaka Motors International” МЧЖда умумий лойиҳа қиймати 390 миллион доллар бўлган “EXEED” бренди остидаги енгил автомобиль ишлаб чиқариш заводининг ишга туширилиши муҳим воқеалардан бири бўлди.

Биринчи босқичда 20 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳа доирасида ташкил этилган мазкур корхонада йилига 120 минг дона автомобиль йиғилмоқда. Ушбу корхонада 2026 йилга келиб жами 390 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиб, йилига 150 минг дона автомобиль ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Аҳоли бандлигини таъминлаш масаласига ҳам кейинги пайтларда катта эътибор қаратилмоқда. Ўтган йили аҳоли бандлигини таъминлаш дастури доирасида барча йўналишларда 132 минг 226 нафар ишсиз аҳолининг бандлиги таъминланди. Бундан ташқари, ишсиз аҳолини касб-ҳунарга тайёрлаш ва тадбиркорликка йўналтириш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Хусусан, вилоятда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган 27 турдаги касб бўйича 5 минг 759 нафар ишсиз фуқаро касбга тайёрланди ва ўқитилди. Натижада фуқароларнинг 16 минг 164 нафари иш билан таъминланди.

Вилоятда маҳалла тизимида ҳам кўзга кўринарли ишлар амалга оширилди. Жумладан, маҳаллаларда аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, аҳоли даромадларини ошириш, камбағалликни қисқартириш бўйича ҳам муайян ишлар бажарилди. Маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари кўмаги билан 53,9 минг нафар фуқаро доимий ва мавсумий ишларга жойлаштирилди, 39,2 минг нафари эса ўзини-ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатга олинди. 3 минг нафар киши кичик бизнес корхоналарига, 8,4 минг нафар фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига, 1,4 минг нафар киши ҳунармандчиликка жалб қилинди. 

Маҳаллаларнинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, умумий қиймати 203 миллиард сўмга тенг 750 та микролойиҳа амалга оширилди. Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига 3 мингта янги иш ўрни яратилди. Аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва ҳунармандчилик йўналишларида 1,1 мингта лойиҳага 92,1 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилди. Уй-жой билан таъминлаш дастури доирасида 2023 йилда жами 1 987 хонадонга мўлжалланган 50 та кўп қаватли уй-жой фойдаланишга топширилди. Шундан 12 та 240 хонадонли “Янги Ўзбекистон” массивида, 38 та 1 747 хонадонли хусусий тадбиркорлар томонидан уй-жойга талаб юқори бўлган ҳудудларда қурилди.

Вилоятда муқобил энергия тизимини шакллантириш борасида амалга оширилган ишлар ҳам таҳсинга лойиқ. 2023 йилда жами 9,95 МВт қуёш панеллари ўрнатилди. Танлаб олинган 4 та – Ховос туманидаги Оқчангал, Сайхунобод туманидаги Янги ҳаёт, Оқолтин туманидаги Мустақиллик, Гулистон туманидаги Иноқлик маҳаллаларида “Обод маҳалла – Обод хонадон – Обод кўча” дастури доирасида қурилиш, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари бажарилди. 

[gallery-16391]

Мухтасар айтганда, ўтган йили вилоятда қишлоқ хўжалиги, саноат, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий, қўйингки, барча соҳаларда тизимли ишлар амалга оширилди. “Халқаро бахшичилик санъати фестивали”, “Ўзбекистон - Хитой бизнес форуми”, “Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон давлатларининг иқтисодий-маданий форуми” каби йирик тадбирларнинг ўтказилгани вилоятда олиб борилаётган ислоҳотларнинг ёрқин амалий ифодаси бўлди. 

Ш.Суяров,

Ш.Ортиқбоев(сурат), ЎзА мухбирлари