Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати кенгашининг 2022 йил 16 мартдаги қарорига асосан жорий йилнинг май ойида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови ўтказилади.
Сирдарё вилоятида ҳам мазкур сиёсий жараёнга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Сирдарё вилояти Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Ўлмас Мамадаминов сайлов жараёнига тайёргарлик ва уни юксак савияда ўтказиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди.
–Мамлакатимизда маҳалла институти фаолиятини такомиллаштириш, тизимдаги ислоҳотлар самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Ўлмас Мамадаминов. – Жумладан, 2016 –2021 йилларда Ўзбекистон Республикасининг 3 та қонуни, Президентимизнинг 6 та фармон ва қарорлари, 30 га яқин Вазирлар Маҳкамаси қарорлари қабул қилинди. Ушбу ҳужжатлар билан маҳалланинг давлат бошқарув органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш тизимини янада кенгайтириш бўйича бир қатор вазифалар белгилаб берилди. Бу эса ўз навбатида маҳалла раисидан керакли билим ва тажрибани, ташаббускорлик ҳамда масъулиятни талаб қилади. Маҳаллада ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш, ёшлар тарбияси, ҳудудни ривожлантириш кўп жиҳатдан маҳалла раисига ҳам боғлиқ. Шунинг учун маҳалла раиси сайлови қонуний, ошкора, шаффоф ўтиши даркор. Маҳалла раиси ўз ҳудудида яшайдиган аҳолининг дарди билан яшайдиган, катта ҳаётий тажрибага, чуқур билимга эга бўлган, учраётган муаммоларни таҳлил қилиб, ечимини топа оладиган шахс бўлиши керак.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан жорий йилнинг 25 март куни Халқ депутатлари Сирдарё вилояти ҳамда туман (шаҳар) кенгашларининг сессиялари ўтказилди. Сессия қарорлари билан Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи вилоят, туман (шаҳар) комиссияларининг таркиби тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида” ги қонуни мазмун-моҳиятини маҳаллалар миқёсида тушунтириш ишлари олиб борилди. Хусусан, Адлия бошқармаси билан биргаликда 236 та маҳаллада 10 мингдан ортиқ аҳоли вакиллари иштирокида тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Олий Мажлис Сенати ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга доир тавсиялар ва намунавий ҳужжатлар тўплами вилоятдаги 11 та туман (шаҳар) кўмаклашувчи комиссия раислари ва аъзоларига, барча фуқаролар йиғинларига электрон шаклда етказиб берилди.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови ўтказиладиган манзил ва объектларнинг тўлиқ рўйхатлари шакллантирилди.
Хусусан, 224 таси мактабларда, 3 таси маҳалла фуқаролар йиғини биноларида ва 9 таси бошқа бинолар (қишлоқ врачлик пункти, мусиқа мактаблари, спорт мажмуалари)да ўтказилиши режалаштирилди .Сайлов жараёнида фойдаланиш учун барча етарли жихозлар заҳираси яратилди. Хусусан, 241 та овоз бериш кабиналари ва барча керакли жиҳозлар жараёнга тайёрлаб қўйилди. Вилоятдаги фуқаролар йиғинларида ўтказиладиган сайловлар фуқароларнинг вакиллари йиғилиши шаклида ўтказилиши белгилаб олинди.
Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи туман ва шаҳарлар комиссиялари томонидан тасдиқланган жадвалга асосан маҳаллаларда фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши)ни ўтказилди. “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида” ги қонуннинг 18-моддасига асосан бу йилги сайловларда 519 минг 595 нафар сайлов ёшидаги фуқаролардан камида 12 фоизи яъни 62 минг 353 нафар сайловчилар иштирок этиши назарда тутилган. Бугунги кунда аҳолининг энг долзарб муаммоларини аниқлаш ва ҳал этишда маҳалланинг ўрни ва аҳамияти ортиб бораётганини инобатга оладиган бўлсак, маҳалла раислари сайлови чинакам демократия ва муқобиллик асосида ўтиши жуда муҳим.
Вилоятда номзодларни саралаш борасида бир қатор амалий ишлар бажарилмоқда. Хусусан, 236 та фуқаролар йиғинлари раислигига 506 нафар номзодлар рўйхати шакллантирилган. Уларнинг 700 нафари биринчи маротаба номзоди қўйилган ва 59 нафари аёллар. Сирдарё вилоятидаги фуқаролар йиғинларини замонавий хизмат бинолари билан таъминлаш ҳамда фуқаролар йиғинлари ходимлари учун зарур хизмат шароитларини яратиш борасида охирги йилларда бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2020 йилда 23 та, 2021 йилда 100 та фуқаролар йиғини биноси янгидан қуриб фойдаланишга топширилди. Шунингдек, жорий йилнинг июнь ойига қадар вилоятдаги барча 236 та фуқаролар йиғинлари замонавий хизмат биноларига эга бўлади. Бундан ташқари, фуқаролар йиғинлари ходимларига зарур иш шароитларини яратиб бериш мақсадида 107 та маҳалла фуқаролар йиғинларига янги замонавий турдаги компьютер техникаси ажратилган.
108 та маҳалла фуқаролар йиғинлари янги мебель жиҳозлари билан таъминланган.
Хулоса қилиб айтганда сайловчилар аҳолининг дарди билан яшайдиган, катта ҳаётий тажриба ва билимга эга, муаммоларнинг ечимини топа оладиган ташаббускор номзодни сайлашига шубҳа йўқ.
Шуҳрат Суяров, ЎзА