Бугун, 24 октябрь куни мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Сирдарё вилоятида ҳам фуқаролар юрт келажаги учун ўзлари муносиб деб топган номзодга овоз бермоқда.
Гулистон шаҳридаги 15-сайлов участкасида эрта тонгдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига овоз бериш жараёнларини кузатдик. Вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев оила аъзолари билан биргаликда ташриф буюриб, биринчилар қаторида овоз берди.
Шундан сўнг Ғофуржон Мирзаев сайлов участкасида нуронийлар, илк марта овоз бераётган ёшлар билан сайлов жараёнлари ҳақида суҳбатлашди.
– Муносиб номзодга овоз бериш келгуси беш йилликда мамлакатимиз тараққиёти, жамиятимизда демократик тамойилларнинг янада мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этади, – деди Ғофуржон Мирзаев. – Буни масъулиятни чуқур ҳис этиб, сайловда уюшқоқлик билан қатнашаётган юртдошларимиз кайфиятидан ҳам англаш мумкин.
Сайлов жараёнлари вилоят ҳудудларидаги 284 та сайлов участкасининг барчасида кўтаринки руҳда давом этмоқда.
Ш.Суяров, ЎзА